НАТО Украинага қурол-аслаҳа етказиб беришни давом эттирмоқчи

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 13 февраль куни брифинг ўтказиб, унда Украинага ҳарбий ёрдам бўйича Шимолий альянснинг бундан буёнги режаларини баён қилди.

Столтенбергнинг урғулашича, Россия президенти Владимир Путин вазиятни тинч ўзанга буриш бўйича ҳеч қанақа ҳаракат қилаётгани йўқ, бунинг ўрнига у янги ҳужум ҳаракатларини бошлатмоқда. Бу ҳаракатлар манзарасида НАТО Украинани дастаклабгина қолмай, ўз мудофаа қобилиятини ҳам сезиларли даражада кучайтириши лозим.

Столтенберг сешанба куни Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари учрашувида Украинага ҳарбий авиация етказиб бериш масалалари ҳам муҳокама қилинишини билдирди. Бош котибга кўра, ҳарбий учоқларни етказиб бериш масаласи кўп вақт олиши мумкин, бироқ бу иш амалга оширилган тақдирда ҳам, бу ҳолат НАТОни урушда иштирок этаётган томонларнинг бирига айлантирмайди.

Ўз сўзида Столтенберг Украина томонига қурол-аслаҳа етказиб бериш имконияти ва тезлиги ҳозирда ҳал қилувчи омил бўлиб ҳисобланишини қайд этди. Бу Украина биринчи навбатда артиллерия ва танклар ола бошлашини англатади. Германияда Мудофаа вазирлиги вакиллари украиналик ҳарбийларни “Леопард 2” танкларини бошқаришга ўргата бошлашган.

Столтенбергга кўра, НАТО ўлкалари қурол-аслаҳа захираларини Украинага кўмаклашиш учунгина эмас, ўз омборларини тўлдириш учун ҳам кўпайтириши зарур. Бу каби қадамлар қўйила бошлаган. Reuters хабарига кўра, АҚШ бу йил артиллерия снарядларини ишлаб чиқариш ҳажмини ойига Украина урушигача бўлган 14400 тадан 90 мингтагача чиқаришни режалаган. Франция эса 2023 йили ўқ-дори ишлаб чиқариш учун ўз бюджетини 2 миллиард еврогача кўпайтирган.

НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари 14-15 февраль кунлари “Рамштайн формати”да учрашув ўтказишлари кутилмоқда.