НАТО разведкаси Бахмутда Россия Украинага қараганда беш баробар кўпроқ йўқотишларга дучор бўлган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда CNN НАТОдаги манбасига таянган ҳолда хабар тарқатди,
Аввалроқ Россия армияси катта йўқотишларга учрагани тўғрисида АҚШдаги Урушни ўрганиш институти ва Украина пиёда қўшинлар қўмондони генерал Александр Сирский маълум қилган эди. Урушни ўрганиш институти Бахмутдаги жанглар яна бир неча ойга чўзилиши мумкин, деб таҳмин қилмоқда.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 6 март куни Россия армияси Бахмутни эгаллаган тақдирда ҳам урушда кесин бурилиш ясай олмаслигини айтган. Унга кўра, Бахмут “стратегик ёки оператив аҳамиятдан кўра кўпроқ рамзий аҳамиятга эга”.
Украинада Бахмут учун жанглар олти ойдан бери олиб борилмоқда. Донецк вилоятидаги бу шаҳарда урушгача 70 минг киши яшаган. Ҳозирда эса шаҳар тўлиқ вайронага айланган. Россия кейинги пайтларда бир неча марта Бахмут қамал қилингани ва рақиб қаршилиги юз фоизга тўхтатилганини эълон қилган. Бироқ Украина Бахмут мудофааси давом этаётганини билдирган.
12 февралда Би-би-си ва "Медиазона" нашри уруш бошланганидан бери Украинада 14 минг 93 рус аскари ўлгани аниқлангани тўғрисида хабар қилган. Бу рўйхатга фақат шахси аниқланган ва тасдиқланган ўлим ҳолатлари киритилган. Шунинг учун ўлганлар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкин.
Ғарб разведкасидаги маълумотларга қараганда, Россия армиясидаги йўқотишлар жами 200 минг кишини ташкил этган. Улардан 60 мингги ҳалок бўлган, 140 мингги яраланган.
Ноябрда Пентагон Россия ва Украина таҳминан юз мингдан кам бўлмаган аскарини йўқотгани тўғрисда маълум қилган.