Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Google, Apple, YouTube ва Telegram’ни “Ақлли овоз бериш” дастурига олиб кирувчи ҳаволаларни блоклаб қўйгани учун танқид қилди.
“Google ва Apple каби гигантлар, Кремль талабини адо этиб, иловамизни ўчирди. Мен ёқтирган YouTube видеомизни ўчириб ташлади, Telegram эса ботимизни блоклаб қўйди. Путин “экстремистик” деб биладиган ушбу дастурларда сизнинг округингиздан кўрсатилган номзодларга оид маълумотлар бор эди, холос”, деб ёзилган Навальний саҳифасида.
Сиёсатчи Кремль гўё IT-гигантларнинг қамоққа олиниши керак бўлган ходимлари рўйхатини рўкач қилиб, уларни ўз иродасига бўйин эгишга мажбур этгани ҳақидаги ОАВ хабарларини эслатган. “Агар бу гаплар рост бўлса, бу борада сукут сақлаш энг ёмон жиноятдир. Бу одамларни гаровга олган террористни рағбатлантириш билан тенг”, дейилган унинг номидан эълон қилинган хабарда.
Навальний, шунингдек, Telegram мессенжери эгаси Павел Дуровдан “қаттиқ ранжигани ва кўнгли қолган”ини ҳамда “Путиннинг блокловчилари рўйхатида уни кўраман деб ўйламаган”ини айтган.
Давлат думасига сайлов олдидан Россия расмийлари Apple ва Google’дан “Навальний” ҳамда “Ақлли овоз бериш” иловаларини App Store ва Google Play дўконларидан ўчириб ташлашни талаб қилиб, бу талабдан бўйин товлаш “Россия сайловларига аралашиш” деб баҳоланиши ҳақида огоҳлантирган.
Кейинроқ маълум бўлишича, Google Docs сервиси “Ақлли овоз бериш” орқали тавсия этилган номзодлар рўйхати келтирилган икки ҳужжатни блоклаб қўйган.