Навальний “ҳибсхонадан қочишга мойил шахслар” рўйхатига тиркалди

Мухолифатчи Алексей Навальний суд залида

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний сақланаётган “Матросская тишина” ҳибсхонаси профилактика комиссияси уни “қочишга мойил шахс” ўлароқ қайдга олган. Бу ҳақда сиёсатчининг ўзи Instagram тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Навальний фикрича, бундай чора Россия президенти Владимир Путиннинг Геленжикдаги муҳтамал саройига оид суриштирув туфайли мухолифатчига босим ўтказиш йўли ўлароқ қабул қилинган. Маҳбус сиёсатчи ўзидан комиссия қарори билан танишганига оид қоғозни имзолаш талаб қилинганини билдирган.

“Мени аввал ҳам фақат қоровул ҳамроҳлигидагина эмас, бошига каска кийиб, автомат ушлаган махсус топшириқ бажарувчи ходимлар ҳамроҳлигида олиб юришарди. Энди кишанлаб олиб юришса керак”, деб ёзган Навальний ўз постида.

Февраль ойида Москвада суд Навальнийни фирибгарлик айбловига оид 2014 йили чиққан ҳукм асосида икки йилу саккиз ойга колонияга йўллаш ҳақида қарор қабул қилган. 2017 йили Инсон ҳақлари бўйича Европа суди “Ив Роше” иши (мазкур иш юзасидан мухолифатчи судланган) Навальнийнинг адолатли текширув бўйича ҳуқуқини бузгани ҳақида қарор чиқарган. Унга товон пули тўланиши керак эди. Бироқ Россия Олий суди ҳукмни қонуний деб топиб, уни бекор қилишдан бош тортган.