Навальний Шимолий қутбдаги Харп қишлоғида жойлашган қамоқхонага кўчирилган

Аввалроқ Навальний 20 кундан бери бедарак эканидан ҳавотирлар билдирилганди.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги Харп қишлоғида жойлашган махсус режимли колонияда сақланмоқда. Бу ҳақда унинг сафдошлари хабар берди. Аввалроқ Навальний 20 кундан бери бедарак эканидан ҳавотирлар билдирилганди.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш мухолифатчи билан унинг адвокати учрашгани ҳақида маълум қилди.

Харп қишлоғи шимолий қутб чизиғидан 60 километр шимолда жойлашган. Бу қишлоқда махсус режимли иккита колония мавжуд. Навальний 3-сонли колонияда сақланмоқда. Бу колонияда бир вақтлар ЮКОС ҳаммуассиси Платон Лебедев ва украин режиссёри Олег Сенцов ўтирган. Навальний сафдошларининг айтишларича, абадий музлик ҳудудидаги бу колонияда тартиб жуда қаттиқ ва шароитлар оғир.

Харпдаги иккинчи колонияда эса умрбод қамоққа ҳукм қилинганлар сақланади.

Навальнийнинг сафдошлари 24 декабрда 19 кундан бери у билан боғлана олишмаётганини ва унинг қаерда эканини билмасликларини айтган эдилар.

БМТнинг Россияда инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова ҳам Навальнийнинг “зўравонларча йўқолиб қолгани”дан ҳавотир билдирганди. 25 декабрда АҚШ ҳам Навальний тақдиридан ҳавотирланаётганини маълум қилган.

Жазони ўташ федерал хизмати Навальний 11 декабрда Владимирдаги олтинчи сонли колониядан бошқа қамоқхонага кўчирилганини билдирган. Адвокатлар эса Навальний билан 6 декабрдан бери учраштирилмаганди.

Навальний экстремизм айблови билан чиқарилган ҳукм доирасида махсус режимли колонияга кўчирилиган бўлиши эҳтимол.

16 декабрда АҚШ Давлат департаменти Навальнийнинг соғлиғи ёмонлашганидан ташвиш билдирган ва бунинг учун масъулиятни Кремлга юклаган эди.