Ўнлаб давлатда Алексей Навальнийни қўллаш акциялари ўтказилди

Миланда ўтказилган акция.

Жаҳоннинг деярли қирқта мамлакатида 21 январь куни қамоқда сақланаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ва бошқа сиёсий маҳкумларни қўллаш акциялари бўлиб ўтди. Бу акциялар Навальний қамалганлигининг уч йиллиги муносабати билан уюштирилди.

Митинг ва пикетлар, жумладан, АҚШ, Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Чехия, Канада, Аргентина, Австралия ва Грузияда ҳам бўлиб ўтди.

Алексей Навальний 2021 йил 17 январида Германиядан Москвага қайтган эди. У Россияда “Новичок” кимёвий қуроли билан заҳарлантирилганидан сўнг Германияга даволаниш учун олиб чиқиб кетилганди. Навальний Москвага қайтиши биланоқ аэропортда қўлга олинган.

Сиёсатчи бирданига учта жиноий модда билан узоқ муддатларга қамалган. Унга нисбатан Россияда яна қатор жиноят ишлари кўриб чиқилмоқда. Бу моддалар бўйича айбдор деб топилса, Навальний умрбод қамалиши мумкин.