Мухолифатчи Алексей Навальний Москвадаги ҳибсхонадан этап қилинганидан кейин ўзининг қаерда эканига оид илк маълумотни чиқарди. 3 март куни сиёсатчининг Инстаграмида ёйинланган хабарга мувофиқ, у Владимир вилоятидаги “Кольчугина” тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.
Навальний штаби маълумотига кўра, мухолифатчи у ерда камида уруш фахрийси Игнат Артеменкога туҳмат иши бўйича апелляция аризаси кўрилгунича тутиб турилади. Мазкур иш бўйича Навальнийга 850 минг рубль жарима солинган.
Тергов ҳибсхонасидаги Навальний аҳволи яхши экани, бироқ ҳали ташқаридан хат-хабар ололмаётгани, шу важдан ташқи олам ҳақида Москвадаги “Матросская тишина” ҳибсхонасида ушлаб турилган пайтдан кўра камроқ маълумот билишини билдирган.
Аввалроқ Навальний Владимир вилояти Покров шаҳридаги 2-жазо колониясига етказилгани хабар қилинган, бироқ бу маълумот расман тасдиқланган эмасди.
Мухолифатчи Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган. Ўтган ҳафта у Москвадаги “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасидан этап қилинган.