Озодликка чиққан Навальний Астрахандаги митингга йўл олди

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний, 22 октябр, 2017.

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний 20 суткалик қамоқ муддатини ўтаб, озодликка чиқди. Навальний одамларни рухсат этилмаган митингда қатнашишга даъват қилганликда айбдор деб топилиб, ҳибсга олинган эди. 2018 йилги президент сайловида қатнашишни ният қилган Навальний “ишлашга тайёр”лигини айтди.​

22 октябрь куни Навальний Instagramда “Салом. Мен чиқдим”, деб ёзди. Мухолифатчи ўзини қўлловчилар олдида чиқиш қилиш мақсадида Астрахань шаҳрига йўл олишини қўшимча қилди.

Мухолифатчининг матбуот котиби Астрахан шаҳрининг “Дружба” паркида бўлиб ўтадиган йиғинга расмийлар рухсат берганини билдирди.

41 ёшга тўлган Навальний сайловолди кампаниясини ҳам бошлаб юборган. Аммо, жорий йил июнида Россия Марказий сайлов комиссияси Навальний молиявий жиноятларда айблангани учун сайловда иштирок этолмаслиги тўғрисида огоҳлантирди.

Навальний бу айбловлар ортида сиёсий мотивлар борлигини айтиб келади.

17 октябр куни Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова Навальний 2028 йилгача Россия президентлигига номзод сифатида сайловда иштирок эта олмайди, деб баёнот берди.

Навальний Россия бўйлаб бир неча марта йирик намойишлар уюштирди. Жумладан, жорий йилнинг 7 октябрида – президент Владимир Путиннинг туғилган кунида ҳам мухолифат намойишлари бўлиб ўтди.

Намойишчилар расмийларни Навальний сайловда иштирок этишига рухсат беришга чорлаб келади.

Навальний, шунингдек, Путинга яқин шахслар коррупциясини фош қилувчи ҳисоботларни чоп этиб келмоқда.

2018 йилга белгиланган президентлик сайловида Россия президенти Владимир Путин ғолиб чиқиши тахмин қилинмоқда. Шундай бўлса-да, Путин ҳали сайловда номзод бўлишини расман айтгани йўқ.

Навальний қамоқдалигида телебошловчи Ксения Собчак сайловда президентликка номзодини қўйишини эълон қилди. Собчакнинг бундай режаси борлиги шу йил сентябр ойида маълум бўлганди.

Аввалроқ, Навальний Собчакни “кулгили либерал номзод” деб атаб, уни танқид қилган эди. Бунга жавобан Собчак Навальнийни мухолифатни парчалаганликда айблаб, унга “кучларни бирлаштириш”ни таклиф қилди.