Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 22 февраль куни мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоққа йўлланиши ва унинг сафдошларига қарши қатағон уюштирилиши муносабати билан Россияга қарши жорий этилажак янги санкцияларни маъқуллаши кутиляпти.
Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувда 27 та давлат дипломатлари россиялик шахслар ва ташкилотларга қарши активларини музлатиб қўйиш ҳамда виза беришни тақиқлаш каби конкрет чораларни кўриши мумкин. Бу қадамга Навальний Германиядан қайтганидан кейин январь ойида қўлга олиниши ортидан ЕИда бошланган ва бир неча ҳафта давом этган дебатлар туртки бўлган.
Навальний ўзининг “Новичок” моддаси воситасида заҳарланиши ортида Россия президенти Владимир Путин ҳамда Федерал хавфсизлик хизмати турганини иддао қилмоқда. Кремль бу айбловни рад этиб келяпти.
Ўтган йил октябрида ЕИ Навальнийнинг заҳарланиши важидан россиялик олти нафар мулозимни “қора рўйхат”га киритган.
Россияга қарши янги жазо чораларининг жорий этилишига оид қарор ташқи ишлар вазирлари ЕИ дипломатик хизматига Навальнийнинг судланишига ва эҳтимолки, унга нисбатан уюштирилган суиқасдга алоқадор шахслар рўйхатини тузишни топширишини англатади.
Алексей Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган. 20 февраль куни суд Навальнийнинг апелляция тартибида берган шикоят аризасини рад қилган. Эндиликда мухолифатчи умрининг икки йилдан кўпроғини колонияда ўтказиши керак бўлади.