Навальний Twitterнинг президент Трампни блоклаш қарорини "цензура" деб атади

Айни дамда Германияда соғлигини тиклаётган Навальний Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқлардан Кремль қўйган чекловларга қарши самарали фойдаланиб келади

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўтган ҳафта Вашингтонда бўлиб ўтган зўравонликлар ортидан Twitterнинг АҚШ президенти Дональд Трампни бутунлай тақиқлаш қарорини танқид қилди. Навальний буни «қабул қилиб бўлмас цензура чораси» дея таърифлади.

Мухолифатчи 11 банддан иборат твит ёзиб, ширкатнинг ушбу қарорини «дунё бўйлаб сўз эркинлиги душманлари суиистеъмол қилиши» ҳақида огоҳлантирди.

Айни дамда Германияда соғлигини тиклаётган Навальний Трамп ўзининг тўрт йиллик фаолияти давомида «жуда масъулиятсиз нарсаларни ёзди ва гапирди ... ва шунинг учун иккинчи муддатга қайта сайланмай таъзирини еди», деб ёзди.

Танқидчилар Трамп кўпинча платформадан нотўғри маълумот тарқатиш, нафрат қўзғатиш ва зўравонликни тарғиб қилиш учун фойдаланганини айтиб келадилар. Хусусан, президент Twitterда ҳеч бир исбот-далилсиз ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловлар «ўғирланганини» иддао қилиб келади.

Мавзуга алоқадор Twitter президент Трампни бир умрга блоклади

6 январь куни Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб кирганидан кейин, кўпчилик йирик ижтимоий тармоқларни президентни блоклашга чақирди.

Трамп Капитолийга ҳужум қилинишдан бир неча соат олдин тарафдорларига шахсан мурожаат қилган, уларни ижтимоий тармоқлар орқали гижгижлаган эди.

Натижада Facebook уни Facebook ва Instagram платформаларидан камида президентлик муддати охиригача четлатди.

8 январь куни эса Twitter «яна зўравонликка чорлаш хавфи юқори бўлгани сабабли» Трампнинг @relDonaldTrump шахсий ҳисобини бутунлай блоклади.

Ушбу мисли кўрилмаган чора Трампни ўзининг 88,7 миллион издоши билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконидан маҳрум қилди.

Навальнийнинг ўзи Twitter, YouTube ва бошқа ижтимоий тармоқлардан Кремль анъанавий оммавий ахборот воситаларига қўйган чекловларга қарши самарали фойдаланиб келади. Хусусан, у ушбу платформаларда маҳорат билан коррупцияга қарши кураш кампанияларини юритади ва Путин ҳамда атрофидагиларни танқид қилиб келади.

Навальний ўтган йил 20 августида заҳарланиш асоратлари билан Омск касалхонасига ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқда ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийдан олинган таҳлил намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилган ва мутахассислар унинг «Новичок» туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлашган. Ғарб давлатлари Россиядан мухолифатчининг заҳарланиши юзасидан тушунтириш талаб қилиб келмоқда.

Навальний Трамп Twitter қоидаларини бузгани учун тақиқлангани асосли далил эмаслигини айтди. Мухолифатчи буни қуйидагича изоҳлади: «Мен кўп йиллар давомида ҳар куни ўлим таҳдидини оламан ва Twitter ҳеч кимни блоклагани йўқ (мен буни сўраганимам йўқ)».

У Twitter ширкатига бундай тақиқлар бўйича қарорларни қабул қилиш учун бирон бир қўмита тузиш ва апелляция жараёнини йўлга қўйишни тавсия қилди.

Трампнинг кўплаб тарафдори ва уни дастаклаб келаётган айрим таниқли шахслар Twitter президентни блоклаганини кескин танқид қилдилар.

Хабарларга кўра, Трамп ҳали ҳам расмий @WhiteHouse ва @POTUS аккаунтларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга, аммо 20 январь куни президентлик муддати тугагач, бу имкониятдан маҳрум бўлади.