Москвада Кремлга яқин кўча ва майдонлар тўсилмоқда. Бу президент Путиннинг Федерал йиғилишга мурожаатномаси ўқиб эшиттирилиши чоғида хавфсизликни таъминлаш билан изоҳланган.
Аввалроқ Россия пойтахти маъмурияти Навальний тарафдорларининг норозилик акциясига розилик бермаслигини билдирган эди. Россия бош прокуратураси ва ИИВ оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик учун жиноий жазо борлигини эслатиб, митингларда қатнашиш оқибатларидан огоҳлантирган.
“Open media” хабарига кўра, полиция ва росгвардиячилар жорий йилнинг 23 ва 31 январь кунлари Навальний ҳимоясига ўтказилган митингларда қўлланилган тактика бўйича ҳаракат қилади. Кўчаларда полиция нарядлари кучайтирилади, полиция бўлимларига қўшимча терговчи ва суриштирувчилар чақирилади.
Костромада шаҳар маъмурияти майдон ва хиёбонлар канадан тозалаш мақсадида бир неча кунга ёпилишини эълон қилди. Екатеринбург ва Челябинскда парад репитицияси эртароқ ўтказиладиган бўлди. Шунинг ҳисобига бу шаҳарларда марказий кўчалар тўсилади.
Алексей Навальний тарафдорлари уни қўллаб-қувватлаш мақсадида 21 апрель куни Россиянинг йирик шаҳарларида акция ўтказишмоқчи. Қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган сиёсатчи икки ҳафтадан ортиқ вақтдан бери очлик қилмоқда. Аввалроқ шифокорлар унинг саломатлиги тез путурдан кетаётганини маълум қилишган эди.
Навальний сафдошлари олдинроқ махсус сайтда 500 минг киши рўйхатдан ўтганидан сўнггина сиёсатчининг озод қилиш талаби билан кўча намойишларига чиқишни режа қилган эдилар. Бироқ Навальний соғлиғининг тобора оғирлашиб бораётгани уларни шошилишга мажбур этган. 21 апрель тонгида норозилик акциясида қатнашишга хоҳиш билдирган сони 466 минг нафардан ошган.