Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг онаси Людмила Навальнаяга ўғлининг жасади кўрсатилган. Бу ҳақда у 22 февралдаги видеомурожаатида маълум қилган. Бунгача сиёсатчининг ҳақиқатан ўлганини давлат расмийларидан бошқа бирор мустақил манба тасдиқлаган эмасди.
Людмила Навальная ўғлининг жасади ўзига 21 февраль оқшомида Салехард шаҳри моргида кўрсатилгани, бироқ жасад оилага берилмаганини билдирган.
Навальнаяга кўра, уни ўликхонага “яширинча” олиб бориб, ўлим ҳақидаги гувоҳномага имзо қўйдиришган. “Улар жасадни бермай, ўғлимни қаерда, қачон ва қандай дафн қилиш борасида шарт қўйиб, қонунни бузишяпти”, деган Людмила Навальная.
Аёлга кўра, терговчилар унинг олдида “ё Кремлдан, ёки Тергов қўмитаси марказий идорасидан” кўрсатма олиб туришган.
“Улар дафн маросимининг ҳеч қандай видо маросимисиз, яширинча ўтказилишини исташяпти. Қўйиб берсангиз, ўзлари бирор ерга кўмиб юборишса, лекин мен бунга рози бўлмайман”, деган Навальная ўғлининг дафн маросими оммага ошкор йўсинда ўтказилишини хоҳлаётганини таъкидлаган.
“Улар мени шантаж қилиб, Алексей қаерда, қачон ва қай йўсинда дафн этилиши кераклиги ҳақида менга шарт қўйишяпти. Терговчи Воропаев менга очиқдан-очиқ: “Вақт сизнинг фойдангизга ишлаётгани йўқ, мурда чирий бошлаган”, деб айтди. Менга ҳеч қанақа алоҳида шарт-шароит қилиб берилишини истамайман. Мен шунчаки барчаси қонун доирасида амалга оширилишини хоҳлайман, холос”, деган Навальная.
Людмила Навальная ўғли Алексей қамоқхонада вафот этгани маълум бўлганидан бери унинг жасадини кўрсатишни талаб қилиб келаётган эди. Қамоқхона расмийларига кўра, 47 ёшли Навальний 16 февраль куни одатий сайрдан қайтаётган пайтда йиқилиб, вафот этган.
Людмила Навальная ўғлининг жасади берилишини талаб қилиб, 21 февраль куни судга даъво аризаси киритган. Ёпиқ эшиклар ортидаги суд мажлиси 4 мартга белгиланган. Навальная ўғлининг жасадини олишда ёрдам сўраб 20 февраль куни Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаат йўллаган эди.