Қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш бўйича галдаги норозилик акциясини Россияда 14 февраль куни ўтказиш режаланган. Бу ҳақда Навальнийнинг минтақавий штаблари тармоғи раҳбари Леонид Волков билдирди.
“Кейинги акция 14 февраль куни бўлиб ўтади. Бугун-эрта унинг формати ҳақида айтамиз. Бу мутлақо бошқа формат бўлади. Биз ҳаммасини амалга оширишда айёрроқ йўл тутамиз ва полиция билан бевосита тўқнашмасликка ҳаракат қиламиз, бундан қочамиз”, деди Волков.
Кейинроқ у норозилик тадбири формати ҳақида қуйидагича изоҳ қолдирди: “Навальний штаби Россиядаги катта шаҳарларнинг барча турғунларига 14 февраль оқшомида соат роппа-роса 20:00 да оддий бир ишни қилишни таклиф этади. Ҳовлингизга чиқиб, телефонингиз фонарини ёқиб, юқорига кўтаринг ва бир неча дақиқа шу ҳолда туринг”.
Россияда 23 ва 31 январь ҳамда 2 февраль кунлари бўлиб ўтган норозилик акциялари чоғида полиция аёвсиз ҳаракат қилиб, минглаб одамни тутиб кетган. Полиция норозиларга қарши электрошокерлар қўллаган.
“Левада” маркази томонидан ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, Россиядаги ҳар беш кишидан бири Навальний фаолиятига нисбатан хайрихоҳ. Социологлар мамлакатда рўй берган сўнггги воқеалар – Алексей Навальнийнинг юртига қайтиши, ҳибсга олиниши, “Путин саройи”га оид фильм ёйинланиши ва митинглардан кейин ҳам россияликларнинг кўпи (68 фоиз) мухолифатчига нисбатан ўз муносабатини ўзгартирмаганига эътибор қаратганлар.
Волков 4 февраль куни кейинги норозилик акциялари шу йил баҳорида бўлиб ўтишини билдирган.
Январь ойи охирида ўсмирларни рухсат этилмаган митингларда иштирок этишга ундаганлик иддаоси билан Волковга қарши жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда хорижда бўлган Волковга нисбатан Россияда қидирув эълон қилинган. 5 февраль куни унинг ота-онаси яшайдиган уйда тинтув ўтказилган.