Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдошлари “Путин – қотил” номли акция ўтказмоқчи эканларини эълон қилишди. Акция 20 август куни – Навальний заҳарланишининг уч йиллигига бағишлаб ўтказилади.
“Қўрқув, зўравонлик, қотиллик – Путин ҳокимияти 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида шулар узра турибди. Биринчи қурбонлар унга Россияда қарши чиққанлар, мамлакатимизнинг ҳур келажаги учун курашганлар бўлди. Эндиликда эса Путин қўшни мамлакат билан XXI асрдаги даҳшатли ва энг бемаъни урушни бошлади, бу урушда ҳар куни юзлаб ва минглаб одам ўлмоқда”, дейилган “Навальний командаси”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.
Мухолифатчининг сафдошлари “хавфсиз мамлакатлар”да яшаётганларни 20 август куни акцияга чиқишга чақиришган. “Навальний командаси” Putin is a Killer бирикмаси иштирокида роликлар ёзиш ҳамда ижтимоий тармоқларда варақа ва тарғибот материалларини тарқатишни сўраган.
Алексей Навальний 2020 йилнинг 20 августида оғир заҳарланиш асоратлари билан Омск шаҳридаги касалхонага ётқизилганди. Кейин у Берликдаги госпиталда муолажа олган – мутахассислар сиёсатчининг Россияда ишлаб чиқарилган заҳарли модда билан заҳарланган бўлиши мумкин, деган хулосага келганлар. Навальнийнинг тарафдорлари бу ҳодисада Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва бошқа расмийларни айблашган.
Германиядан Россияга қайтганидан сўнг Навальний қўлга олиниб, суд қилинган. Суд ҳукмига кўра, эски иш бўйича шартли жазо ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирилган ва мухолифатчи қамоқхонага йўлланган. Кейинроқ унга қарши яна бир нечта янги жиноят иши очилган. Ҳозирда сиёсатчи Владимир вилоятидаги колонияда 9 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Яқинда прокуратура Алексей Навальнийни экстремизмга оид янги жиноят иши бўйича жазони махсус тартибли колонияда ўташ шарти билан 20 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилиб чиққан. Бу иш бўйича суд ҳукми 4 август куни эълон қилиниши кутилмоқда.