Қамоқ жазосини ўтаётган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг даволовчи шифокорлари, унинг тиббий ҳужжатларини таҳлил қилгач, маҳкумни “Россия Федерациясининг тиббий салоҳиятлар маркази бўлмиш Москва шаҳар кўп тармоқли стационари”га кўчиришга рухсат беришни сўраб Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИЭХ) директори Александр Калашниковга мурожаат қилишган.
Беш нафар врачнинг мурожаати ва Навальнийнинг тиббий хулосаси “Новая газета”да эълон қилинган.
Шифокорлар ўз илтимосларини беморнинг аҳволи оғирлиги, унинг узоқ вақт оч қолгани (Навальний олдига мустақил врач қўйилишини талаб қилиб, уч ҳафтадан зиёд очлик қилган) ва ташхис қўйишнинг мураккаблиги билан асослаганлар.
“Беморнинг ҳаётига очиқ таҳдидлар мавжудлигини инобатга олган ҳолда, ушбу тавсияномада баён қилинган илтимос энг қисқа муддатларда бажарилишини қатъиян сўраб қоламиз”, деб ёзишган шифокорлар.
Улар ўз хулосаларида Навальнийни кўрикдан ўтказиш имконидан маҳрум этилганлари, аммо уларга бошқа врачлар олиб борган кўрик ва таҳлиллар натижалари билан танишишга рухсат берилганини таъкидлашган. Хусусан, 20 апрель куни Навальнийни Владимир вилояти касалхонасининг фуқаровий шифокорлари кўрикдан ўтказишган, шундан сўнг кўп ўтмай у очликни тўхтатишга қарор қилган эди.
Ҳужжатда Навальнийни қайси мутахассислар кўргани ва қанақа текширувлар ўтказилгани хусусида сўз боради. Унинг шикоятлари, жумладан, оёқлари оғриши ва увишишидан шикоятлари санаб ўтилган. Текширувларда Навальнийнинг умуртқасида иккита чурра, шунингдек оёқлари, қўл панжалари ва жигари нерв толаларининг ўтказувчанлиги ўзгаргани аниқланган.
Бундан ташқари, шикофорлар қон таҳлилида қатор кўрсаткичлар меъёрдан оғганига эътибор қаратишган. Нейрожарроҳ хулосасида жарроҳлик амалиёти керак бўлиши мумкинлиги айтилган.
Хулоса ёзган врачлар қўлларнинг ва оёқлар юзасининг увушиши ташхисда қайд қилинмаганини, бинобарин бу ҳолатларнинг сабабини аниқлаш учун текширув ўтказилмаганини урғулаганлар.
Навальнийнинг шифокорлари унинг саломатлигини текширган ҳамкасбларининг айрим хулосалари ва улар тайин этган қатор муолажа чораларини танқид қилишган. “Биз тайин этилган муолажа ва кузатув тактикасини энг мақбули эмас, деган хулосага келдик”, дейилган мурожаатда.
Врачлар фикрича, Навальнийга “аниқ ташхис қўйиш, унинг давомли очликдан тўғри чиқишини таъминлаш, энг асосийси — замонавий воситалардан фойдаланган ҳолда оғриқ синдромини бартараф этиш лозим”.
Мухолифатчи шу йил 17 январидан тергов ҳибсхонасида қамоқ жазосини ўтай бошлаган ва март ойида колонияга ўтказилган. Навальнийнинг айтишича, у февраль ойи охиридан бошлаб яғринидаги оғриқдан ҳамда қўл ва оёқлари увишиб қолишидан азият чекади.
Март ойи охирларида олдига шифокор киришига рухсат берилмагач, у очлик эълон қилган. Кўплаб ҳуқуқбонлар, қатор мамлакатларнинг ҳукумат арбоблари, таниқли шахслар Навальнийга тиббий ёрдам кўрсатиш чақириғи билан чиқишган.
21 апрель куни Навальнийни дастаклаб Россиянинг ўнлаб шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Эртасига даволовчи шифокорлари уни очликни тўхтатишга чақиришган — уларни Навальний ёнига қўйишгани йўқ, аммо мухолифатчини жазони ижро этиш тизимига бегона врачлар кўриб, ушбу кўрик ва таҳлиллар натижалари Навальнийнинг шифокорларига берилгани маълум қилинган.