Навальнийнинг шифокорлари ундан очликни тўхтатишни илтимос қилмоқда

Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг даволовчи врачлари у фуқаровий касалхонада кўрикдан ўтказилганини маълум қилишди. Улар адвокат орқали тиббий хулоса ва текширувлар натижаларини олганлар. Шифокорлар очлик унинг саломатлигига жиддий хавф туғдираётганини айтиб, Навальнийдан очликни тўхтатишини илтимос қилишган.

Врачлар мурожаати “Медиазона” сайтида эълон қилинган, сиёсатчига у 23 апрель куни етказилади.

Мурожаат муаллифларига кўра, Навальний 20 апрель куни диагностика учун кўрикдан ўтказилган. Мухолифатчини нейрожарроҳ ҳамда Владимир вилоятининг бош нефрологи қабул қилиб, Навальний врачлари гуруҳи сўраган барча тадқиқотларни ўтказишган.

“Бизнинг асосий вазифамиз — беморимизнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш. Бироқ, у очликни яна бир оз давом эттирган тақдирда ҳам, биз ундан айрилиб қолишимиз мумкин”, дейилган мурожаатномада. Матнни Навальнийнинг соғлиғи билан олдиндан таниш бўлган беш шифокор имзолаган.

Навальний 31 мартда очлик эълон қилган, у ёнига мустақил врачлар киритилишини талаб қилиб келади. Бундан аввал сиёсатчи яғрини оғриётгани, оёқлари уюшаётгани ва етарлича муолажа олмаётганидан шикоят қилган. Унинг умуртқа поғонасида чурра борлиги аниқланган. Федерал жазони ижро этиш хизмати мухолифатчига зарур ёрдам кўрсатилаётганини иддао қилмоқда.

Врачлар мурожаатда Навальний билан юзма-юз кўришиб, маслаҳат бериш учун унинг ёнига қўйишни яна бир марта илтимос қилишган. Уларга кўра, Владимир касалхонасидаги консилиумда уларнинг иштироки бемор учун фойдали бўлади, бироқ улар Навальний билан учраштириш талаби расмийлар томонидан бажарилмаслиги мумкинлигини ҳам назардан соқит қилмаганлар.

21 апрель куни Россия шаҳарларида Алексей Навальнийнинг саломатчилиги ва ҳаёти ҳимоясига норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишларда бир ярим мингдан зиёд киши қўлга олинган.