Россия пойтахти Москва марказида 3 февралга ўтар кечаси намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди, Алексей Навальнийнинг 3,5 йилга қамалишига оид суд ҳукмидан норозилик билдиришга келган 1116 нафар одам қўлга олинди. Петербургда 246 нафар киши тутиб кетилди. Полиция Ижевск (4), Омск (3), Челябинск (2), Краснодар (2), шунингдек, Киров, Чебоксари, Митищи ва Набережние Челнида (1 нафардан) норозиларни ушлаб кетди. Шу тариқа Навальнийга ҳукм чиққанидан кейин Россияда қўлга олинганларнинг умумий сони 1377 нафарга етди. Бу ҳақда ОВД-Инфо маълум қилди.
Москвадаги Манеж майдонига сешанба оқшомида полиция ва Росгвардия бўлинмалари, махсус техника келтирилди. Пушкин майдони тўлалигича металл тўсиқлар билан ўраб олинди. Тўртта метро станциясининг кириш-чиқиши ёпилди, бу жойларда мобил интернет ўчириб қўйилди.
Бундан аввалроқ Алексей Навальний штаби мухолифатчининг тарафдорларини Навальнийни колонияга йўллашга норозилик ифодаси ўлароқ Москва марказидаги Манеж майдонига чиқишга чақирган.
Москва вақти билан соат 23 га бориб камида эллик киши қўлга олингани маълум бўлди. Айни пайтда, гувоҳларга кўра, бу вақтга келиб акция иштирокчилари сони бир неча минг нафарга етган.
Москвадаги Симонов туман суди 2 февраль куни мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни колонияга йўллаш ҳақида қарор чиқарган. Сиёсатчининг 2014 йилдаги жиноят ишларидан бири бўйича олган шартли жазоси 3,5 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилган.
Навальний 2014 йилда бир неча ой уй қамоғида сақлангани учун қамоқхонада 2,5 йилдан кўпроқ ўтириши керак бўлади.