Навоий вилоятидаги Мурунтов кони 2020 йили олтин қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган.
Мазкур конда, Kitco таҳлилий маркази маълумотига кўра, ўтган йили 2 миллион унциядан (1 унция 31,1034768 граммга тенг – таҳр.) кўпроқ олтин қазиб олинган.
“Навоий” кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Мурунтов конининг узунлиги 3,3 километр, кенглиги 2,5 километр бўлиб, чуқурлиги қарийб 600 метрга тенгдир.
Хабарномада қайд этилишича, 150 миллион унциядан кўпроқ захирага эга кон яқин келажакда жаҳондаги энг йирик олтин кони мақомини ўзида сақлаб қолиши мумкин.
Мурунтов кони 1958 йили кашф этилган бўлиб, бу ерда кенг кўламда олтин қазиб олиш ишлари 1969 йилдан бошланган.
Дунёда олтин қазиб олиш бўйича рейтингда Навоийдаги кондан кейинги ўринни АҚШнинг “Карлин” кони (2-ўрин) ва Россиянинг “Олимпиада” кони (3-ўрин) эгаллаган.
Аввалроқ Ўзбекистондан 2020 йилда экспорт қилган маҳсулотларнинг 44 фоизини олтин ташкил қилгани айтилган.