Навоийда вояга етмаган қиз зўрланиши бўйича иш қўзғатилди

Иллюстратив сурат

Навоий шаҳар прокуратураси вояга етмаган қизнинг ўнга яқин киши зўрлаганига юзасидан жиноят иши қўзғатган.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, Навоийдаги ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-1-моддаси (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Навоийда вояга етмаган қиз бир неча йигит томонидан зўрлангани ҳақида Kun.uz нашри ўз тасарруфидаги суд ҳукми нусхасига таянган ҳолда 6 июль куни хабар қилган эди.

Хабарда қиз билан жинсий алоқада бўлган 5 нафар йигит турли муддатларга озодликдан маҳрум этилгани, яна уч йигитган нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.

Нашр вояга етмаган қизнинг зўрлаганлар орасида Навоий шаҳар ИИБ терговчиси ҳам борлигини ёзган.

Kun.uz бир-биридан мустақил бўлган икки манбадан олинган маълумотларга таянган ҳолда қайд этишича, терговчи “мазкур ишни тергов қилиш жараёнида, яъни 2024 йилнинг январь ойида Тошкентда малака ошириш ўқув курсида бўлиб турган вақтда, ушбу вояга етмаган қизни Тошкент шаҳрига чақириб, у билан жинсий алоқа қилган”.

Бош прокуратура хабарномасида жиноят иши доирасида “1 нафар шахс қамоққа олинган”и ҳақида маълумот берилган. Бироқ бу шахс иши терговда бўлган уч йигитнинг бирими ёки ИИБ терговчисими – бунга аниқлик киритилган эмас.