Навоий шаҳрининг Кимёгарлар кўчасида жойлашган пропан газ қуйиш шохобчасида 12 август оқшомида портлаш ортидан ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, ёнғин жойига тўққизта ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Дастлабки экипаж воқеа жойига соат 19:18 да етиб борган, соат 19:45 да ёнғин қуршаб олиниб, 19:53 да бутунлай ўчирилган.
“Ёнғин келиб чиқиш сабаби “ЗИЛ-130” русумли “пропан” ёқилғи ташиш автомобили ўзидаги суюлтирилган газни тўкиш вақтида чақнаш содир бўлган, натижада юк автомобилига фойдаланиш учун ўрнатилган газ балони ёрилиши оқибатида ёнғин келиб чиққан”, дейилган ФВВ хабарномасида.
Портлаш ва унинг ортидан юзага келган ёнғин чоғида “ЗИЛ-130” автомобилига ўрнатилган сиғимга зарар етган эмас.
Вазирлик ҳодиса оқибатида шохобча яқинидан ҳаракатланиб кетаётган “Москвич-412” русумли автомашина ҳайдовчиси ҳамда уч нафар йўловчиси турли даражада куйиш жароҳатини олгани, айни пайтда қурбонлар бўлмаганини билдирган.