Президент Шавкат Мирзиёев 4 мартда қабул қилинган Наврўзга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид қарорида барча ҳудудларда байрамни “шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган” мазмунда ўтказишга буйруқ берди.
Қарорда белгиланишича, байрамни “юртдошларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган маъно-мазмун билан таъсирчан усулларда ўтказиш” шарт бўлади.
Бундан ташқари, қарорда 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган “бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланиши” зарур.
Байрамни “муносиб нишонлаш” вазифаси бош вазир Абдулла Арипов, маданият вазири Озодбек Назарбеков ва бошқа масъулларга юклатилган.
Қарорга асосан, ўзбекистонликлар Наврўз арафасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида “умумхалқ ҳашарларини ўтказиш”га жалб қилинади.
2021 йил ноябрь ойида Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Яшил макон” лойиҳаси мисли кўрилмаган режани ўз ичига олади. Ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистонда беш йил давомида 1 миллиард туп дарахт ва бута кўчати экилиши керак.
Расмий статистикага кўра, 2021 йили мамлакатда 85 миллион туп, 2022 йили 202,7 миллион туп кўчат экилган. 2023 йил баҳор мавсумида эса 127,7 миллион туп ниҳол ўтқазилгани ҳақида ҳисобот берилган. Аммо “Яшил макон” ташаббусининг илк давриданоқ қўшиб ёзишларга зўр берилгани айтилади.
Президент Мирзиёев 2022 йил апрель ойида ўтказилган йиғилишда “Яшил макон” дастури ижросида кўзбўямачилик давом этаётгани, ҳудудларда аслида экилмаган 5 миллион туп кўчат ҳисоботларга “экилди” дея тиркалгани ҳақида гапирган.