Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим. Қарамликдан озодликкача» китоби нашр этилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Айдос Укибай ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Хабарда айтилишича, китобда Назарбоев илк маротаба ўз оиласи ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган ва Январь воқеаларига ўз муносабатини билдирган. Китоб қанча нусхада нашр этилгани тўғрисида маълумот йўқ.
Аввалроқ Orda.kz сайти Назарбоев ўз китобида иккинчи хотини ва ундан туғилган икки ўғли борлигини тан олгани ҳақида маълум қилган эди. Аммо китобда Назарбоевнинг расмий хотини сифатида кўриладиган Сара Назарбоева билан никоҳи бузилгани ёки сақланиб қолингани тўғрисида ёзилмаган.
Orda.kz сайтида китобнинг 2022 йилдаги Январь воқеаларига бағишланган бир қисми эълон қилинган. Унда Назарбоев бу қонли воқеа учун масъулиятни “радикал мухолифатга” ва қочқинликда яшаётган мухолифатчи Мухтор Аблязов зиммасига юклаган. Бу воқеалар пайтида 238 киши ҳалок бўлгани расман эълон қилинган.
Китобда Назарбоев ўзи ва америкалик бизнесмен Жеймс Гиффен билан боғлиқ “Казахгейт” коррупциявий жанжали, сирли тарзда ўлган мухолифатчилар ҳақида ёзган ёки ёзмагани ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Ҳуқуқ фаоллари Назарбоев Қозоғистонда демократик тамойиллардан узоқлашган бошқарувни шакллантиргани, ўз ваколатларини кўпайтиргани ва ўзгача фикрловчиларни қувғин қилганини айтиб келадилар.
83 ёшдаги Назарбоев 2019 йилда ҳокимиятни Қасим-Жомарт Тоқаевга ўтказиб берган.