Қозоғистоннинг тўнғич президенти Нурсултон Назарбоев “Хабар” телеканалига берган суҳбатида 2005 ва 2010 йиллардаги инқилоблардан кейин собиқ президентлар Асқар Ақаев ва Қурмонбек Бакиевни Қирғизистондан қандай олиб чиқиб кетганини сўзлаб берди.
“Ақаевни Бишкекдан Торозга вертолётда олиб чиқишимга тўғри келган. Вазият мураккаб эди, у ерда ўққа тутишлари мумкин эди. Тўқнашув бўлмаслиги учун мен уни олиб чиқиб кетдим. Ундан кейин [президент] бўлган билан ҳам худди шундай воқеа содир бўлди, у Ўшда ўрнашиб олиб, тарафдорларини йиғиб қуроллантирди ва Бишкек томон юриш қилишга тайёр эди”, деган Қозоғистоннинг биринчи президенти.
Назарбоевга кўра, у Роза Ўтунбаева билан телефон орқали сўзлашганида у “Бакиевни тинчлантиришни илтимос қилган”. У музокаралардан сўнг Қурмонбек Бакиевни Қирғизистондан чиқиб кетишга кўндиришга муваффақ бўлганини қайд этган.
“Ўша пайтда Вашингтонда аксилядровий ишлар бўйича кенгаш бўлиб ўтаётганди, Россия президенти Медведев эди, биз Обама билан учовлашиб чиқдик, ўша ерда туриб, фуқаролар уруши бошланаётгани, Бакиев Бишкек томон юриш қилишни истаётгани ҳақида пичирлашиб гаплаша бошладик. Мен [Бакиевни] олиб чиқишимни айтиб, Россия қирувчи учоқларини менинг самолётимни иҳота қилиб боришини сўрадим”, дея қўшимча қилган Назарбоев.
Унинг қайд этишича, “агар бу иш қилинмаганида, у ерда катта қон тўкилган бўларди”.
Қирғизистонда 2005 йилда содир бўлган биринчи инқилоб чоғида ўша пайтдаги президент Асқар Ақаев оиласи билан биргаликда Россияга қочган, ўшандан бери ўша ёқда истиқомат қилмоқда. Ундан кейин ҳокимият тепасига келган Қурмонбек Бакиев 2010 йилдаги инқилоб ортидан оиласи билан мамлакатдан қочган. Ҳозир у Беларусда яшаяпти.