Оскемен шаҳар суди Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жиянига чиқарилган олти йиллик қамоқ жазосини шартли жазога алмаштирди.
52 ёшли Қайрат Сатибалди ноқонуний ўзлаштирилган пулларни давлатга қайтариб бергани ортидан суд 40 ойлик шартли қамоқ жазоси билан уни озод қилиш тўғрисида қарор чиқарган.
Суд ҳукми ўқиб эшиттирилишидан олдин Сатибалди Қозоғистон ҳукумати ва халқидан қилган жиноятлари учун кечирим сўраган.
У икки йил аввал фирибгарлик ва давлат маблағларини ўзлаштирганлик айби билан Остона суди томонидан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Сатибалди 2022 йилнинг март ойида Туркияга учиб кетмоқчи бўлган вақтда ҳибсга олинган эди.
Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги Қайрат Сатибалдини “Казахтелеком” давлат компанияси ва Транспорт хизмати марказидан бир неча ўн миллион долларни ноқонуний ўзлаштирганликда айблаган.
Агентлик терговлардан сўнг 500 миллион доллар маблағ ҳамда Сатибалди назорати остида бўлган “Казахтелеком” акцияларининг 29 фоизи давлат ихтиёрига қайтарилганини билдирган.
Қозоғистонда содир бўлган 2022 йил январидаги ҳукуматга қарши норозилик намойишлари ортидан амалдаги расмийлар Назарбоевнинг оила аъзолари ва яқинларини нишонга ола бошлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев январь ойидаги тартибсизликлардан сўнг Назарбоев ва унинг оила аъзоларини қатор ваколатлардан маҳрум қилган.
Намойишлардан бир неча кун ўтиб, Назарбоевнинг икки куёви иккита йирик нефть ва газ ширкатидаги юқори лавозимлардан ҳайдалган.
Унинг яна бир куёви Тимур Кулибаев эса мамлакатнинг асосий бизнес фонди раислигидан истеъфога чиққан. Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға депутатлик мандатини топширишга мажбур бўлган ва бундан кўп ўтмай собиқ президентнинг кенжа қизи Алияга алоқадор компания раҳбарларига нисбатан ҳам тергов бошланган.