Назарбоевнинг куёви Кулибаев тадбиркорлар палатаси раиси лавозимидан кетди

Тимур Кулибаев

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибаев 17 январь куни “Атамекен” тадбиркорлар палатаси раёсати раиси ваколатларини топширганини очиқлади, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Миллиардер Кулибаевнинг мазкур мурожаати палата сайти орқали ёйинланган. У 2013 йил сентябридан бери эгаллаб келган раислик лавозимидан нима сабабдан кетганини очиқлаган эмас.

Икки кун муқаддам Назарбоевнинг бошқа икки куёви республика миқёсидаги ширкатлардаги лавозимларидан кетган эди. 15 январь куни “Самрук-Қазина” жамғармаси “ҚазТрансОйл” ширкати раиси Димаш Досанов ҳамда “Қазахгаз” ширкати раиси Қайрат Шарипбаев вазифаларидан бўшатилгани ҳақида маълумот тарқатган.

Қайрат Шарипбаев Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариғанинг эри экани айтилади. Димаш Досанов эса Назарбоевнинг кенжа қизи Алиянинг турмуш ўртоғидир. Кулибаев собиқ президентининг ўртанча қизи Динарага уйланган. Кулибаевлар жуфтлиги Марказий Осиёдаги энг бадавлат кишилардан бўлиб ҳисобланади – эр-хотин Forbes журналининг миллиардер рўйхатига киришади.

54 ёшли Тимур Кулибаев Қозоғистонда нефть-газ саноати соҳасидаги энг нуфузли кишилардан бири бўлиб келган. У KAZENERGY нефть-газ ташкилотлари ҳамда энергетика мажмуаси ассоциациясини бошқариб келади. Бундан ташқари, у Россиянинг “Газпром” ширкати директорлар кенгаши аъзоси, Миллий олимпия қўмитаси раиси ҳамда Қозоғистон бокс федерацияси раҳбари бўлиб ҳисобланади.

Ўтган ҳафта Назарбоевнинг халафи бўлмиш президент Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда юзага келган “норозилик вазияти” учун масъулиятни ҳукумат ва “КазМунайГаз” билан биргаликда “Казахгаз” ширкати зиммасига ҳам юклаган.

Суюлтирилган газ нархи кескин ошишига қарши Қозоғистон ғарбида 2 январь куни бошланган норозилик чиқишлари кейинроқ мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилиб, қатор шаҳарларда тартибсизлик ва қон тўкилишига олиб келган. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, айрим экспертлар Қозоғистондаги январь воқеалари замирида президент Тоқаев ва Назарбоев тарафдорларининг ҳокимият учун ички кураши ётганига оид тахминларни олға сурмоқдалар.

Собиқ президент Нурсултон Назарбоев ўтган йилнинг 28 декабридан буён оммага кўриниш бергани йўқ. У мамлакатда кузатилган кенг кўламли норозилик чиқишлари юзасидан ҳеч қанақа изоҳ берган эмас. Элбошининг матбуот котиби иддаосига кўра, Назарбоев Қозоғистонни тарк этгани йўқ, у пойтахтда бўлиб, Хавфсизлик кенгаши раҳбари ваколатини президент Тоқаевга топшириш қарорини ҳам шахсан ўзи қабул қилган.