Ўзбекистон Россиядан 300 минг тонна нефть сотиб олиши маълум қилинди

Ўзбекистон 2023 йилда “Газпромнефть”дан 300 минг тонна нефть сотиб олиш бўйича келишувга эришгани тўғрисида энергетика вазирлигидаги бош бошқарма бошлиғи Адҳамжон Убайдуллаев “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси доирасида маълум қилди.

Расмийлар Россиядан амалда нефть импорти бошланганидан бир неча ой ўтгачгина бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилмоқда. The Moscow Times газетасининг ёзишича, Ўзбекистон ўтган йилнинг декабрида 2023 йилда “Газпромнефть” ширкатидан 9 миллион долларга 300 минг тонна нефть сотиб олишга келишган эди.

Озодлик радиоси 29 март куни “КазТрансОйл” ширкати Россия нефтининг 25 минг тонналик биринчи партиясини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга 27 мартдан транзит қилишни бошлагани тўғрисида хабар берган.

“КазТрансОйл” 1 февралдан Россия нефтини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит қилиш нархини тоннасига 25,12 доллардан 27,9 долларга оширган.

Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Москвага қилган давлат ташрифи доирасида Ўзбекистонга Россиядан 500 минг тонна нефть етказиб берилиши юзасидан ҳукуматлараро меморандум имзоланганди.