Фарғонанинг “Нефтчи” ва Яйпаннинг “Турон” командалари ўртасида ўтган ҳафта ўтказилган ўйин тартибсизликка айланиб кетгани ортидан Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг интизом қўмитаси айрим ўйинчиларни футболдан четлатиш ва жарима солиш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, можародан сўнг ЎФА мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Ички ишлар вазирлиги, “Нефтчи” – “Турон” учрашувининг ташкилий ишларига масъул барча ташкилотлар билан ҳамкорликда суриштирув ишларини олиб борган ва барча керакли маълумотларни ЎФА интизом қўмитасига тақдим этган.
Қўмита қарорига кўра, “Нефтчи” клуби футболчиси Ж. Тўрақуловга учрашув бош ҳаками Ш. Насибуллаевга қасддан тан жароҳати етказгани учун унга нисбатан ЎФА Интизом кодексининг 5.6 ва 5.49-бандларига асосан 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатиш чораси қўлланилган.
“Нефтчи” клуби футболчилари Ш. Абдураимов, С. Зокиров ва Ж. Қобулов учрашув бош ҳаками Ш. Насибуллаевга ҳужум қилганлиги учун уларнинг ҳар бири 1 йилга футболдан четлатилиб, 15 миллион сўмдан жаримага тортилган.
“Нефтчи” клуби футболчиси Д. Тошматов учрашув ёрдамчи ҳаками Д. Сайлавовга нисбатан тажовузкор ҳаракат қилганлиги учун 10 та расмий учрашувдан четлатилган.
Учрашув якунлангандан сўнг мухлислар футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, “Нефтчи” футбол клуби масъуллари жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ етарлича чоралар кўрилишини таъминламагани учун клуб учта уй учрашувини мухлисларсиз ўтказадиган ва 100 миллион сўм миқдорида жарима тўлайдиган бўлган.
Ўзбекистоннинг суперлигасига йўлланма олиш учун Фарғонанинг “Нефтчи” ва Яйпаннинг “Турон” командалари ўртасида 1 декабрь куни ўтказилган ўйин оммавий муштлашувга уланиб кетгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.