Nemolchi.uz: Самарқандда 45 ёшли эркак 10 ёшли жиянини “жинсий алоқага ундаган”

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти туманларидан бирида 10 ёшли қиз 2022 йилнинг февраль ойидан 2023 йилнинг июнь ойигача 45 ёшдаги тоғаси томонидан зўравонликка учраган, деб хабар берди 24 июль куни Nemolchi.uz лойиҳаси ўз манбаларига таянган ҳолда.

“Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, 1978 йилда туғилган Н.Т., қизга зўрлик ишлатиб ва қўрқитиб, яланғоч ҳолатда жинсий аъзоларини кўрсатиб, уни ҳам ечинтириб жинсий алоқа қилишга ундаган”,- дейилади хабарда.

Эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) асосида жиноят иши қўзғатилди. Мазкур моддада 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган. Айни пайтда эркак ҳибсга олинган.

Nemolchi.uz Бош прокуратурадан мазкур ишни ўз назоратига олиш ва барча ҳолатларни текширишни сўраган. “Қиз узоқ вақт давомида зўравонликка учраганини инобатга олсак, унга энг камида психологик ёрдам керак. Давлатимиз буни таъминлашига умид қиламиз”,-дейилади хабарда.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда балоғатга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар содир этилгани тўғрисида кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, июль ойининг бошларида Тошкентда ИИБ ходими 13 ёшли қизни зўрлагани, июнь ойи охирида Наманган вилоятида 64 яшар эркак вояга етмаган болакайни алдаб, жинсий эҳтиёжини қондиргани хабар қилинган. Бу шахсларга нисбатан жиноят ишлари очилган.

Бир неча кун олдин эса Олмалиқда ёш болаларни жинсий алоқани имитация қилишга мажбурлаган шахс аниқланган. Расмийлар унинг руҳий касал эканини ва махсус диспансерга даволаниш учун ётқизилганини билдирган.

NeMolchi.uz - 2017 йилда ташкил этилган мустақил ахборот лойиҳаси бўлиб, у аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборни жалб қилиш ва бу масалага жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни мақсад қилганини билдириб келади.

Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган - 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларнинг 10 ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида биринчи бўлиб NeMolchi.uz хабар қилган эди.

Май ойининг бошларида лойиҳа асосчиси Ирина Матвиенко ўзига нисбатан ўлдириш таҳдиди бўлаётгани ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлгани тўғрисида Озодликка маълум қилган. ИИВ 3 май куни Ирина Матвиенкого қилинган таҳдид ўрганилаётгани ҳақида баёнот берди. Аммо шу кунгача ИИВ текшируви натижалари тўғрисида маълумот берилмади.