Нетаняҳу Эронга қарши АҚШ ва Исроил альянсини тузишга чақирди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 24 июль куни Вашингтонда АҚШ Конгресси олдида чиқиш қилди. Ўз нутқида у Эронни Яқин Шарқ ва бутун дунёда хавфсизлик учун асосий таҳдид, деб атади.

Нетаняҳу АҚШни Эрон таҳдидига қарши туриш учун Исроил билан биргаликда ҳарбий альянс тузишга чақирди. Шунингдек, Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) тезроқ тор-мор этилишига эришиш учун АҚШдан Исроилга ҳарбий ёрдам етказиб беришни тезлатишни сўради.

Нетаняҳу ўз нутқини ҲАМАСнинг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужумини қисқача баён қилиш билан бошлади. Залда ҲАМАС асоратидан қутқарилган Ноа Аргамани, ҳали ҳам ҲАМАС қўлида гаровда қолаётган бошқа асирларнинг яқинлари, ҳужум куни жангларда иштирок этган Исроил армияси ҳарбийлари бор эди.

Нетаняҳу Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши икки тамаддун ўртасидаги зиддият эмас, балки бир тамаддун билан ёввойилик ўртасидаги тўқнашув эканини билдирди. У Исроил нафақат ўзи, балки АҚШга ҳам, араб дунёсига ҳам таҳдид солаётган террорчиликка қарши уруш олиб бораётганини урғулади.

Нетаняҳу Эронни радикал исломчиликнинг асосий ҳаракатлантирувчи куч, деб атади. Исроил бош вазирига кўра, ҲАМАСнинг ҳам, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг ҳам, Ямандаги ҳусийларнинг ҳам ортида Эрон турибди. У Эроннинг асосий нишони Исроил эмас, балки АҚШ эканини айтиб, Исроил ўз жанговар ҳаракатлари билан фақат ўзинигина эмас, Қўшма Штатларни ҳам ҳимоя қилаётганини таъкидлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, у АҚШни Исроилга ҳарбий ёрдам етказиб берилишини тезлатишга чақирди.

Бундан ташқари, Нетаняҳу Эронга қарши туриш учун АҚШ ва Исроил ҳарбий иттифоқ тузиши зарурлигини, бунга араб ўлкалари дохил бошқа мамлакатлар ҳам қўшилиши мумкинлигини билдирди. У Исроилнинг Бирлашган Араб Амирликлари, Судан, Баҳрайн ва Марокаш билан алоқалари нормаллашувига сабаб бўлган АҚШ шафелиги остидаги Abraham Accords (“Иброҳим келишуви”) ташаббусини эслатиб, янги иттифоқни “Иброҳим альянси” деб аташни таклиф қилди.

Нетаняҳу Ғазода Исроил армиясининг ҳарбий амалиёти тугаганидан кейин секторнинг истиқболига оид қарашларини ҳам баён этди. Унга кўра, Исроил учун ҲАМАС таслим бўлиб, қуролларини топшириб, исроиллик барча гаровдагиларни қайтариши муҳим. Ғазо сектори демилитаризация қилиниши ва радикаллардан тозаланиши шарт. У ерда Исроил билан тинч яшашга ниятланган Фаластин фуқаровий маъмурияти ўзини ўзи бошқаруви ўрнатилиши лозим.

Нетаняҳунинг Вашингтонга сафари чоғида кўплаб норозилик намойишлари ўтказилган. Капитолий биноси атрофига Фаластинни дастакловчи ва Исроилни Ғазодаги тинч аҳолини қатлиом қилаётганликда айбловчи бир неча минг киши йиғилган. Америкалик бир неча депутат Нетаняҳу сиёсатига норозилик намойиши ўлароқ Исроил бош вазирининг Конгрессдаги чиқишида иштирок этишдан бош тортган.

Бир вақтнинг ўзида Вашингтонда Исроил тарафдори бўлган фуқароларнинг ҳам намойишлари бўлиб ўтган. Улар Нетаняҳу ҳукуматини гаровдагиларни қутқариш учун етарли чоралар кўрмаётганликда айблашиб, уларни озод қилиш бўйича зудлик билан ҲАМАС билан келишув имзолашни талаб қилишган.