Нетаняҳу ҲАМАСнинг оташкесим таклифини рад этди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳининг оташкесим ва гаровдагиларни озод қилишга доир таклифини рад этган.

Нетаняҳу Исроилда ҲАМАСни йўқ қилишдан бошқа муқобил йўл йўқлигини билдириб, яна бир бор гуруҳни йўқ қилишга ваъда берган.

“Фақатгина тўлиқ ғалаба бизга Исроилнинг шимолида ҳам, жанубида ҳам хавфсизликни тиклаш имконини беради”, деган у.

Reuters агентлигининг ёзишича, ҲАМАСнинг юқори лавозимли вакили Сами Абу Зуҳрий Нетаняҳунинг мулоҳазаларини “сиёсий қуруқ мақтанчоқлик” деб атаган. Зуҳрийга кўра, бу Исроил лидерининг минтақада тўқнашувни давом эттириш нияти борлигидан далолат беради.

ҲАМАСнинг бошқа бир вакили гуруҳ вакиллари мисрлик ва қатарлик воситачилар билан оташкесимга оид музокараларни давом эттириш учун 8 февраль куни Қоҳирага йўл олишини маълум қилган.

Аввалроқ ҲАМАС исроиллик гаровда тутиб турилган кишиларни озод қилиш бўйича Париждаги учрашувда воситачилар томонидан таклиф этилган ва Исроил билан келишилган битимни рад этганди. Reuters маълумотига кўра, 6 февраль куни гуруҳ қарши таклифни олға сурган. ҲАМАС таклифида тўрт ярим ойлик оташкесим эълон қилиниши, бу вақт мобайнида гаровдагиларнинг барчаси озод этилиши, Исроил қўшинларининг Ғазо секторидан олиб чиқиб кетилиши ва урушни тугатиш ҳақида битим тузилиши кўзда тутилган.

ҲАМАС таклифи уч босқични ўз ичига олади. Биринчи босқичда жанговар ҳаракатларни 45 кунга тўхтатиш кўзда тутилган: бу давр ичида ҲАМАС аёллар ва 19 ёшгача бўлган эркакларни, шунингдек, қари ва хаста гаровдагиларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларга алмаштириш кўзда тутилган. Бу босқичда Исроил ўз қўшинларини Ғазо секторидаги аҳоли яшовчи пунктлардан олиб чиқиб кетиши лозим.

Иккинчи босқич гаровдаги қолган кишиларнинг озод қилиниши ва Исроилнинг Ғазо секторидан тўлиқ чиқиб кетишини ўз ичига олади. Учинчи босқичда эса ҳалок бўлганларнинг жасадлари алмашилади. Ғазо секторига етказилаётган инсонпарварлик ёрдами кўламининг кўпайтирилиши ҳам битим шартлари орасига киритилган.

Ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” гуруҳлари жангариларининг Исроил жанубига уюштирган ҳужумлари оқибатида аксариятини тинч аҳоли вакиллари ташкил қилган 1200 га яқин киши ҳалок бўлган. Ҳужумлар чоғида 240 киши гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб кетилган. Улардан 31 нафари асоратда ўлгани айтилмоқда.

Бунга жавобан Исроил ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилиш мақсадида Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаган. Фаластин томони маълумотига кўра, исроилликларнинг ҳужумлари натижасида секторда яшайдиган 26 мингдан зиёд аҳоли вакили нобуд бўлган.

Ўтган йил ноябрида Исроил ва ҲАМАС қисқа муддатли гуманитар танаффус қилишга келишиб олганлар. Ўшанда Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказишнинг тикланиши ҳамда Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик қатор маҳкумларнинг озод этилиши эвазига 130 нафар гаровдаги шахс қайтарилган - улар орасида исроилликлар ҳам, хорижликлар ҳам бор. Бироқ кейинги музокаралар ҲАМАСнинг тўлиқ оташкесим талаби туфайли боши берк кўчага кириб қолган.