Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳининг Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган лидери Ҳасан Насруллоҳнинг вориси Исроил армияси томонидан ўлдирилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан фуқароларига мурожаатида билдирган.
“Биз “Ҳизбуллоҳ”нинг имкониятларига зарар етказдик. Биз Ҳасан Насруллоҳнинг ўзи, Насруллоҳнинг вориси ва Насруллоҳ ворисининг вориси дохил минглаб террорчини йўқ қилдик”, дея қайд этган Нетаняҳу ҳалок бўлган шахс исмини очиқламаган ҳолда.
Исроил бош вазири ўз мурожаатида ливанликларни “уруш тугаши ва Ливан гуллаб-яшнаши учун” мамлакатни “Ҳизбуллоҳ”дан озод қилишга чақирган.
Ўтган ҳафтада ОАВда Байрутга берилган зарба чоғида “Ҳизбуллоҳ” асосчиларидан бири ва Ҳасан Насруллоҳнинг қариндоши Ҳошим Сафиюддин ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Сафиюддин гуруҳ раҳбари лавозимига энг асосий номзод экани айтилган. Ҳошим Сафиюддиннинг ўлими Исроил томонидан ҳам, Ливан томонидан ҳам расман тасдиқланган эмас.
Сентябрь ойи охирида араб нашрлари Сафиюддин “Ҳизбуллоҳ” раҳбари лавозимига сайлангани ҳақида ёзиб чиқишган, бироқ бу маълумот гуруҳ томонидан тасдиқланмаган эди.
“Ҳизбуллоҳ” АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас. Исроилнинг ҳаво ҳужумларидан бирида гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ҳам ўлдирилган.
“Ҳизбуллоҳ” Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумининг эртасига Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ўшандан буён Исроил-Ливан чегарасида қарийб ҳар куни отишмалар содир бўлиб турибди. Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларидан ўн минглаб одам эвакуация қилинган.
Исроил Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши “Шимол нишлари” амалиётини 23 сентябрь куни бошлаган. Амалиётдан мақсад террор ташкилотининг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва Исроил шимолидаги уйларини ташлаб кетган исроилликларни ортга қайтариш учун шарт-шароит яратиш экани айтилган.