Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу парламентда қилган чиқишида Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерига берилган зарба “бахтсиз тасодиф” бўлганини тан олди, бироқ “барча мақсадларга эришилмагунича” урушни давом эттиришга ваъда берди.
Исроил армиясининг 27 майга ўтар кечаси Рафаҳга берилган зарбаси чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ёш болалар дохил камида 45 киши нобуд бўлган, юзлаб одам яраланган.
Нетаняҳу ўз сўзида хато сабабига аниқлик киритмаган. Даставвал исроиллик ҳарбийлар ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) мажмуасига аниқ авиазарба берилгани, унда гуруҳнинг икки нафар юқори лавозимли аъзоси ўлдирилгани ҳақида билдиришган. Ҳаво зарбаси ва ундан сўнг юзага келган ёнғинга оид тафсилотлар маълум бўлганидан кейин ҳарбийлар тинч аҳоли вакиллари ўлими юзасидан тергов бошлангани ҳақида баёнот берганлар.
Исроилнинг Рафаҳга берган зарбаси халқаро ҳамжамият, шу жумладан БМТ, ЕИ ва гуманитар ташкилотлар томонидан қоралаб чиқилди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатиш мажбуриятига оид қарорини ҳурмат қилиши лозимлигини билдирди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши 28 майга ошиғич йиғилиш чақирди, дея хабар қилди AFP. “Ёпиқ эшиклар ортида” учрашув ўтказишни айни пайтда Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзоси бўлган Жазоир талаб қилган.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Рафаҳга берилган зарба оқибатлари акс кадрларни “юракларни эзиб юборадиган” деб таърифлаган. Кенгаш баёнотида АҚШ содир бўлган воқеани баҳолаш устида исроиллик ҳарбийлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ишлаётгани айтилган.
Франция президенти Эммануэль Макрон Исроилдан бу амалиётни тўхтатишни қатъийроқ талаб қилган. “Рафаҳда тинч аҳоли учун хавфсиз ҳудуднинг ўзи йўқ. Мен халқаро ҳуқуққа тўлиқ риоя қилиш ва ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақираман”, деб ёзган Макрон Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали.
Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан гаровда тутиб турилган кишиларни озод қилиш уринишларида асосий воситачи бўлган Қатар Рафаҳга берилган зарба шундоқ ҳам боши берк кўчага кириб қолган музокараларни “қийинлаштириб юбориши” мумкинлигини билдирган.
Исроил уруш қоидаларига риоя қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилётгани, бироқ зиммасига ҳеч қанақа мажбурият олмаган душман билан тўқнаш келаётганини даъво қилмоқда. Исроилликлар иддаосига кўра, ҲАМАС Ғазо секторининг тинч аҳоли яшайдиган мавзеларига кириб олиб, гаровдагиларни шартсиз озод қилишдан бош тортиб келмоқда.
Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ҲАМАС вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан бошлаган. Исроил ҳарбий амалиётдан мақсад Ғазо секторида ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш эканини билдирган. Исроил Рафаҳни “жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси” деб ҳисоблайди.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги секторда жанговар ҳаракатлар бошидан буён 35 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлганини иддао қилган.