Нигерда ҳокимиятни босиб олган исёнчилар ҳаво ҳудудини ёпиб қўйди

27 июлда Нигерда бир гуруҳ ҳарбийлар президент ҳокимиятдан четлатилганини билдирган эди.

Нигерда исёнчилар лидерлари қўшни мамлакатларнинг вазиятга аралашуви олдини олиш мақсадида ҳаво ҳудудини парвозлар учун ёпиб қўйди. Мазкур қарор 7 августдан кучга кирди.

Reuters агентлиги бундан аввалроқ Ғарбий Африка давлатлари зарурат туғилган тақдирда Нигердаги вазиятга қуролли аралашувни амалга ошириш режасини ишлаб чиққани тўғрисида хабар берган эди. Ғарбий Африка давлатлари Нигердаги исёнчилардан 7 августгача мамлакатда конституциявий тартибни қайта тиклашни ва демократик тамойиллар асосида сайланган президент Муҳаммад Базумни ҳибсдан озод этишни талаб қилган.

Президент Муҳаммад Базум АҚШ ҳукуматига ва халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилган ва уларни мамлакатда конституциявий тартиб ўрнатиш учун кўмак кўрсатишга чақирган. Мазкур мурожаат Washington Post газетасида 3 август куни нашр қилинган. Базум ўзининг ҳокимиятдан четлатилиши нафақат Нигерга, балки минтақа ва жаҳонга ҳам салбий таъсир кўрсатишини билдирган.

Муҳаммад Базум Нигерда икки йил олдин ҳокимиятга сайловлар орқали тинч йўл билан келган илк президентдир. У ўз мурожаатида исёнчилар ҳокимиятда қоладиган бўлса, минтақа Россия ва “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкат таъсири остида қолиши мумкинлигини таъкидлаган.

Базумга кўра, Нигердаги вазиятдан “Боко Харам” каби террор гуруҳлари ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин.

27 июлда Нигерда бир гуруҳ ҳарбийлар президент ҳокимиятдан четлатилганини, чегаралар ёпилганини ва комендантлик соати жорий этилганини билдирган эди. Исёнчилар лидери Ўмар Тчиани 28 июлда ўзини муваққат президент сифатида эълон қилган.