Бангладешда Нобель тинчлик мукофоти лауреати – 84 ёшли Муҳаммад Юнус муваққат ҳукумат раҳбари сифатида қасамёдга келтирилди. Президент саройида 8 август куни бўлиб ўтган маросимда Юнус “мамлакат Конституциясини қўллаш ва ҳимоя қилиш ҳамда ўз янги мажбуриятларини чин дилдан бажариш”ни ваъда қилган.
Профессор Муҳаммад Юнус мамлакатни 15 йил мобайнида “темир интизом” билан бошқарган Шайх Ҳасина талабалар бошчилигидаги оммавий норозилик намойишлари манзарасида бош вазир лавозимини тарк этиб, Бангладешдан Ҳиндистонга қочиб кетганидан бор-йўғи бир неча кун кейин Франциядан Даккага учиб келган. Норозилик акциялари бир неча ҳафта давом этган ва бу вақт мобайнида 400 га яқин намойишчи ҳалок бўлган.
Юнусни ҳукуматга раҳбари қилиб қўйиш қарорига президент Шаҳобуддин Чуппунинг ҳарбий саркардалар ва талабалар лидерлари билан учрашувидан кейин келинган. Би-би-си қайдича, талабалар ҳарбийлар бош бўладиган ҳукуматни қабул қилмасликларини имо қилишган ва раҳбариятда Муҳаммад Юнусни кўришни исташларини айтишган. Ҳозирда унинг янги кабинети аъзолари орасида Ноҳид Ислом ва Осиф Маҳмудлар бор. Улар аксилҳукумат чиқишлари бошида турган талабалардир.
Даккага қайтганидан кейин журналистлар билан суҳбатда Юнус Бангладеш “иккинчи марта мустақилликка эришди”, деб айтган. Шунингдек, у 170 миллион нафар аҳолиси бўлган мамлакатда қонун ва тартиб-интизомни тиклашга чақирган. Муҳаммад Юнус қасамёдга келтирилганидан кейин, қайд этилишича, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди унга “энг яхши тилаклар”ини йўллаб, Деҳли “тинчлик-осойишталик, хавфсизлик ва тараққиёт учун” ўз қўшниси билан биргаликда ишлаш тамойилига содиқ эканини урғулаган.
Муҳаммад Юнус намойишлар чоғида ҳалок бўлганлар миллатни ҳимоя қилгани ва Ҳасина ҳукмронлигидан кейин унга янги ҳаёт бахш этганини айтиб, қурбонларни ёдга олган. Би-би-си мақоласида ёзилишича, ўз вақтида Шайх Ҳасина демократия рамзи ўлароқ мамлакатни бошқара бошлаган, бироқ пировардида ўзгача қарашларни бостириб, нима қилиб бўлса ҳам ҳокимият ўз қўлида ушлаб қолишга интилган автократ номига эга бўлган. Ўтган йиллар мобайнида мамлакат қамоқхоналари Ҳасинага қарши туришга уринганлар билан тўлган. Бу каби ишлардан бири Муҳаммад Юнусга ҳам қарши очилган бўлиб, ҳозирда у “сиёсий сабабга кўра” ўзига қарши 6 ойлик қамоқ жазосига оид қарор юзасидан судга шикоят аризасини киритмоқчи.