Жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовнинг камтарона кутиб олиниши танқид қилинди (ВИДЕО)

Тошкент аэропортида “Ўзбекистонда шахматга алоҳида эътибор қаратилаётганини халқаро миқёсда тарғиб қилган” жаҳон чемпионини 2-3 нафар синфдоши кутиб олган.

Ижтимоий тармоқда шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовнинг Тошкент аэропортида камтарона кутиб олингани акс этган видеолар тарқалди.

Баъзи тармоқ фойдаланувчилари ўзбекистонлик жаҳон чемпиони тантаналарсиз кутиб олинганини танқид қилиб, ҳукумат аъзоларини адолатли бўлишга чақиришмоқда. Улар ёш шахматчига катта эътибор қаратилмаганидан норози бўлишмоқда.

Тармоқларда тарқалган видеолардан маълум бўлишича, Тошкент аэропортида “Ўзбекистонда шахматга алоҳида эътибор қаратилаётганини халқаро миқёсда тарғиб қилган” жаҳон чемпионини 2-3 нафар синфдоши кутиб олган.

Аввалроқ матбуот Ўзбекистон президентининг фармони билан Польшанинг Варшава шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида жаҳоннинг энг ёш чемпиони сифатида эътироф этилган Нодирбек Абдусатторовга “Мард ўғлон” давлат мукофоти берилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Шунингдек, расмийлар президентнинг кўрсатмаси билан Нодирбекка Тошкент шаҳрида 2 хонали хонадон совға қилиниши билдирган.