Россиядан “Нелегал” амалиёти доирасида 7 минг мигрант чиқарилди

Россияда ушланган тожик мигрантлар.

Россияда ноқонуний мигрантларни аниқлашга қаратилган амалиётнинг бирини босқичи якунланди. Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волкнинг билдиришича, “Нелегал-2023” амалиёти доирасида етти мингга яқин мигрант Россиядан чиқарилди ва икки мингдан кўпроқ мигрантга нисбатан жиноят ишлари очилди.

“Ноқонуний миграция, наркотик моддалар ноқонуний савдоси, қурол билан ноқонуний савдо қилиш, давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтиш айбловлари билан икки мингдан ортиқ жиноят ишлари очилди. Федерал ва халқаро қидирувда бўлган 273 шахс аниқланди”, – деди Волк.

Расмийлар амалиётнинг биринчи босқичи 19 - 25 июнь кунлари ўтганини билдирмоқда. Бироқ мигрантлар қўлга олишлар шу кунгача давом этаётганини айтмоқдалар.

Шу билан бир қаторда Давлат думаси Россияда мигрантларнинг бўлиб туриши билан боғлиқ тартибни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Жумладан, ўзининг мигрантларга қарши баёнотлари билан танилган “Справедливая Россия – За правду” фракцияси раҳбари Сергей Миронов Россиядан нафақат мигрантларни, балки уларнинг оила аъзоларини ҳам бадарға қилиш ташаббусини кўтарди.

Миронов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида: “Жорий йилда қотилликлар сони 5 маротабага кўпайди. Иммигрантлар жиноятчилигига қарши курашиш учун уларни депортация қилиш ёки фуқароликдан маҳрум этиш лозим”, деб ёзди.

Шунингдек, Миронов Марказий Осиё давлатлари билан виза режими жорий этилишини таклиф қилди.