Ноқонуний таксичилик билан боғлиқ 108 мингдан зиёд ҳолат аниқланди

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2024 йилда йўловчи ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланганлиги аниқланган ҳайдовчиларга нисбатан 108 минг 18 та баённома расмийлаштирилган, натижада 42 минг 141 нафар ҳайдовчи ўз вақтида лицензия варақасини расмийлаштириб, фаолиятини қонунийлаштирган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, ўтган йил давомида Автомобиль ва сув транспортида назорат йўналишида ҳудудий бўлим инспекторлари ҳамда ЙҲХ бошқармалари билан ҳамкорликда мамлакат бўйлаб жами 13 минг 567 маротаба рейд ўтказилган ва бу тадбирлар давомида автомобиль ташувлари соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан 116 минг 106 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

“2023 йил билан солиштирганда каботаж ташувлари (Хорижий ташувчиларга тегишли бўлган, автотранспорт воситаларида йўловчилар ва юкларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида ташиш) бўйича қоидабузарларга нисбатан аниқланган ҳолатлар 77 фоизга ортган бўлса, автотранспортда лицензиясиз йўловчи ташиш 3 фоизга камайган”, дейилган инспекция хабарномасида.