Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 25 декабрь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш тўғрисидаги баёнотига муносабат билдирди:
“Мана кўряпсизлар, интернетда “Ўзбекистонни у қиламиз, бу қиламиз”, деган қандайдир чиқишлар бўлиб кетди, тўғрими? Ўзбекистон ҳеч қачон ҳеч кимга мустамлака бўлмайди бундан кейин, бўлиб бўлди. Сизлар буни биласизлар, бу нарсани сизларга тарғибот қилишим керак эмас. Ҳаммангизнинг юрагингизда шу бор”, – деб айтган Норбоева.
Сенат раиси ўз сўзида кимни ва “интернетдаги қайси чиқиш”ларни назарда тутгани тўғрисида очиқ гапирмади.
2022 йил 28 октябрда Танзила Норбаевага президент Владимир Путин томонидан берилган “Дўстлик” ордени Самарқандда ўтган МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 54-сессияси чоғида топширилганди.
Россия Федерация кенгаши фаолиятини ёритувчи Senatinform.ru хабарига кўра, Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раиси бу мукофотга сазовор бўлиш "улкан шараф" эканини айтиб, “Россия президенти Владимир Путинга самимий миннатдорлик сўзларимни билдирмоқчиман ва ушбу орденни, албатта, оқлаймиз”, деган.
Лавозими бўйича Ўзбекистонда иккинчи шахс ҳисобланган Сенат раисининг Кремлдан орден олиши, боз устига, уни “албатта оқлаш”га (аслиятда “обязательно отработаем”) сўз бергани тармоқ фаолларининг норозилигини уйғотган эди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 22 декабрь куни ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида “босимлар” ортидан Прилепин баёнотига муносабат билдирар экан мамлакат учун манфаатли бўлган “тўғри йўлни топиш” осон бўлмаётганини тан олди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда президент: “Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти”, — деб айтган.
Нутқи давомида президент “ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш осон бўлмаётгани”ни таъкидлаган.
Мирзиёевнинг айтишича, бундай шароитда Ўзбекистон “барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш”га ҳаракат қиляпти.
Ўзбекистон президенти бу гапларни айтар экан, алоҳида бир давлат номини тилга олмади.
Президентнинг бу баёнотидан аввалроқ - 21 декабрь куни Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Мальгинов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган" эди.
Бунга россиялик ёзувчи ва сиёсатчи Захар Прилепиннинг 20 декабрда “Россия сегодня” матбуот марказидаги анжуманда Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш тўғрисидаги баёноти сабаб бўлган.
Прилепин ўз баёнотида: “Биз Совет Иттифоқини қайта тиклаш мавзусини кўтарамиз ва бу бизга исталган вақтда „сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз, чунки кўпчилик аллақачон шу ерда, ҳаттоки бунга овоз беришган“, дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким", - деб айтган эди.
Россия элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига “таклиф қилингани”дан сўнг кўп ўтмай, Россия Ташқи ишлар вазирлиги қисқа баёнот эълон қилди.
“Захар Прилепиннинг Россия меҳнат миграцияси ва Ўзбекистон ҳудудининг Россияга қўшилиши ҳақидаги баёнотлари унинг шахсий фикри ва Москванинг расмий позициясини акс эттирмайди”, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг баёнотида.