Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 12-14 декабрь кунлари Америка Қўшма Штатларида бўлади.
ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, ўзбек делегацияси Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.
“Ташриф доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда АҚШнинг бошқа расмийлари билан музокаралар ўтказади”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг илк йиғилиши 2021 йилнинг 13 декабрида Тошкентда бўлиб ўтган. Ўшанда ўзбек делегациясига ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШ делегациясига эса Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу бошчилик қилган эди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқовнинг АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник билан 29 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашуви чоғида Тошкент билан Вашингтон фаол ва конструктив сиёсий мулоқотни давом эттиришга тайёрлиги урғуланган эди. Бу баёнот Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володиннинг ўзбекистонликларни АҚШ билан ҳамкорлик оқибатларидан огоҳлантиргани ортидан берилганди.