Владимир Норов Самарқандда 10 ноябрь куни ўтган Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашида сўзлаган нутқида саммит геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир шароитда ўтаётганига эътибор қаратди.
“Янги дунё тартиби учун курашнинг янада ортаётгани мамлакатларимиз ва минтақамиз барқарорлиги, хавфсизлиги ва узлуксиз тараққиёти учун кўплаб таҳдидларни пайдо қилиб, глобал миқёсда чуқур тафовутларни келтириб чиқармоқда”,-деди Норов.
Вазирга кўра, бундай шароитда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўзаро ҳамкорлик доирасида стратегик мақсад ва вазифаларни бирлик, ҳамжиҳатлик ва умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда амалга ошириши лозим.
Владимир Норов иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам тўхталди.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ташкилотга аъзо давлатларнинг 970 миллиард АҚШ долларидан ортиқ умумий товар айланмаси ҳажмининг 3 фоиздан камроғини (21 миллиард доллар) ташкил этади”, деган вазир бу кўрсаткични бир неча бор ошириш зарурати ҳақида гапирди.
Унга кўра, бу ишни амалга ошириш учун савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш йўлидаги тариф ва нотариф чекловларни ҳамда бошқа тўсиқларни изчил қисқартириш, савдога инновациялар ва рақамли ечимларни фаол жорий этиш; инвестициявий, молиявий ва инфратузилмавий ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлаш ва устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни рағбатлантириш лозим.
Владимир Норов Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон, Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўлларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш умумий туркий транспорт маконининг жозибадорлигини кучайтиришини таъкидлади.
Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашида Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Венгрия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.