Норвегия Россия билан чегарада девор тикламоқчи

Норвегиянинг Финнмарк губерниясидаги чегара белгиси

Норвегия расмийлари Россия билан чегарада Финляндиядаги каби девор тиклаш имкониятини кўриб чиқишмоқда. Бу ҳақда Норвегия адлия вазири Эмили Энгер Мель билдирди, дея хабар қилди NRK.

Вазирга кўра, девор 198 километрга узанган қуруқликдаги чегара бўйлаб тўлиқ ёки унинг бир қисмида тикланиши мумкин.

Бу чегара девори фақат тийиб турувчи омил сифатидагина эмас, унга чегарага одамлар яқинлашган тақдирда, уларни аниқлаш имконини берувчи датчиклар ва технологиялар ўрнатилиши билан ҳам қизиқ”, деган адлия вазири Мель хоним.

Вазир қайдича, Норвегия расмийлари чегарачилар сонини кўпайтириш ҳамда икки мамлакат чегарасида ягона бўлган Стурскуг (Россия томонидан Борисоглебск) автомобиль ўтказиш масканида назоратни кучайтириш дохил бошқа чораларни ҳам кўриб чиқишмоқда.

2016 йилда норвегиялик расмийлар Россия тарафидан Сурия, Афғонистон ва Ироқдан бўлган қочқинлар оқимини тўхтатиш мақсадида бу ҳудудда баландлиги уч ярим метр бўлган 200 метрли девор қуришга қарор қилишганди.

Айни пайтда NRK Норвегия-Россия чегарасидан камдан-кам ҳолатда одамлар ноқонуний равишда ўтишади: полициянинг ўтган йилдаги баёнотига мувофиқ, Украинада уруш бошланганидан буён Норвегиядан Россияга бор-йўғи уч киши ноқонуний равишда ўтган.

2022 йил июлида Финляндия парламенти Россия билан чегарада девор барпо этиш ва 1300 километрга узанган чегарани ёпиш имконини берувчи қонунни қабул қилган эди. Узунлиги уч километр бўлган деворнинг илк участкаси бир йил аввал очилган. Девор қурилишини финляндиялик расмийлар 2026 йил охирига бориб якунлашни режалашмоқда.

2023 йили Россия ҳудудидан Финляндияга мигрантлар оқими кескин кўпайган. Улар асосан Финляндиядан бошпана сўраган африкалик, марказий осиёлик ва яқин шарқликлар бўлган. Финляндиялик расмийлар Россияни миграциядан сиёсий босим учун фойдаланганликда айблаб, чегарани тўлиқ ёпиб қўйишган. Россия мазкур айбловларни рад этган.

Ўтган йили Польша ҳам Россиянинг Калининград вилояти билан чегарада девор тиклаш ишларини бошлаб юборган эди.