Норвегияда полицияга ҳужум қилган номаълум шахс отиб ўлдирилди

Ослодаги полиция автомобили

Норвегия пойтахти Осло шаҳрининг Брислетт мавзесида полицияга пичоқ билан ҳамла қилган йигит отиб ташланди. Ҳужум қилган шахс уни тўхтатишга уринган полициячилардан бирини енгил яралаганидан сўнг ўққа тутилган.

Видеокадрларда полиция машинаси қаҳвахона яқинида уни сиқиб қўйгани акс этган, шундан сўнг олти марта ўқ товуши эшитилган. Ҳужумкор касалхонада вафот этган.

Воқеа гувоҳлари жиноятчи устки кийимсиз ва ялангоёқ бўлганини айтишмоқда. Улар иддаосича, ҳужумчи “Аллоҳ Акбар” дея қичқирган.

Норвегиянинг TG нашри маълумотига кўра, у россиялик, Чеченистонда туғилган шахс бўлиб, 2019 йилда пичоқ билан одамларга ҳужум қилгани учун суд томонидан мажбурий психиатрия муолажасига ҳукм қилинган.

Норвегия полицияси ҳужумни террорчилик акти деб ҳисобламаяпти.

“Биз бунда бирон-бир сабаб мавжудлигини истисно этмаймиз, аммо айни пайтда ишда бунинг террорчилик ҳужуми эканини кўрсатувчи маълумот йўқ”, деган полиция нозири Эгиль Йоркен Брекке 9 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Шу йилнинг 13 октябрь куни Норвегиянинг Конгсберг шаҳрида ўқ-ёй билан қуролланган 37 ёшли эркак одамларга ўқ узиб, беш кишини ўлдирган ва икки кишини яралаган эди.