Жорий йилнинг январидан сентябригача ўтган тўққиз ой давомида Ўзбекистондан бошқа давлатларга 181, 1 минг киши кўчиб кетди. Бу ҳақда Статистика агентлиги эълон қилган янги ҳисоботда қайд этилди.
Кўчиб кетганларнинг 76 минг нафари (42 фоизи) эркак, 105,1 минг нафари (58 фоизи) аёл. Кўчиб кетганлардан 124,4 минг киши шаҳарларда, 56,7 минг киши қишлоқларда яшаган.
Уларнинг 81,3 фоизи Қозоғистонга, 15,3 фоизи Россияга, 0,5 фоизи Қирғизистонга, 0,5 фоизи Жанубий Кореяга, 0,2 фоизи Туркманистонга, 2,2 фоизи бошқа мамлакатларга бориб жойлашган.
Кўчиб кетганларнинг 10,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 81,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 8,2 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталардир.
Кўчувчилар сони ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда Қорақалпоғистондада 168,4 фоизга, Навоий вилоятида 143,7 фоизга, Бухоро вилоятида 121,4 фоизга, Хоразм вилоятида 115,9 фоизга ва Тошкент шаҳрида 115,4 фоизга кўпайган.
Статистика агентлиги 2023 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга бошқа давлатлардан 168,7 минг киши кўчиб келганини ҳам қайд этган. Улардан 70,1 минги эркак, 98,6 минги аёл. Улардан 131, 3 минг киши шаҳарларга, 37,4 минг киши қишлоқларга жойлашган.
Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг 38,9 фоизи Россиядан, 24,5 фоизи Қозоғистондан, 10,5 фоизи Тожикистондан, 5,1 фоизи Қирғизистондан, 1,6 фоизи Туркманистондан ва 19,4 фоизи бошқа мамлакатлардан.