Тошкентнинг урбанистлар томонидан бир неча бор танқид қилинган кўчаларида рўй берган ЙТҲларда икки пиёда вафот этди. Бевақт ўлимлар сабаб фаоллар масъулларнинг истеъфосини талаб қилмоқда.
“Gazeta.uz” хабарига кўра, дастлабки фожиа 16 август куни соат 16:00 лардада Қонунчилик палатаси биноси ёнида – Бунёдкор шоҳкўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида содир бўлган. 2001 йилда туғилган Nexia-2 ҳайдовчиси 1973 йилда туғилган эркакни уриб юборган. Пиёда олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган.
Ўша куни соат 17:30 атрофида Lacetti автомобили ҳайдовчиси собиқ Оқтепа айланма йўлини кесиб ўтаётган 69 ёшли аёлни уриб кетган.
Икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Gazeta.uz” нашри ЙТҲлар рўй берган иккала кўча ҳам транспорт ва шаҳарсозлик тамойилларига зид ҳолатда экани, нотўғри лойиҳалаштирилганини қайд этган.
Жамоат фаоли, собиқ депутат Расул Кушербоев “одамларнинг бевақт ўлими учун сиёсий баҳо сифатида масъул раҳбарлар халқ олдида истеъфо бериши ва жазоланиши керак” деган талаб билан чиққан.
Телеграмдаги “Davletov.uz” канали ҳам инсонларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган қарорларга ҳуқуқий баҳо берилиши кераклиги ҳақида ёзган.