Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди.
Ташкилот баёнотида Ўзбекистон халқаро мажбуриятларига биноан фундаментал инсон ҳуқуқлари, хусусан сўз эркинлиги ва йиғилиш эркинлигини таъминлашга чақирилган:
«Биз таклиф этилган конституциявий ўзгаришларга нисбатан жамоатчилик хавотирларига президент Мирзиёев томонидан тезкор реакция билдирилганини олқишлаймиз. Барча томонларни низо кескинлашиши ва зўравонликлар давом этишининг олдини олиш мақсадида ўз ҳаракатларида вазминликка чорлаймиз».
4 июль куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель президент Шавкат Мирзиёев билан телефон мулоқоти пайти Нукусдаги тартибсизликларни бузғунчи кучлар томонидан уюштирилган дея баҳолаган. Бу ҳақда president.uz хабар қилди:
«Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради».
Суҳбат чоғида Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган вазият ҳамда ЕИ тузилмалари билан кўп томонлама мулоқотнинг даражасини янада юксалтириш юзасидан ҳам фикр алмашилган.