Қорақалпоғистонда 19 июль куни соат 14 ларга яқин тикланган интернет алоқаси яна узилиб қолди. “Газета.uz”нинг хабар беришича, нукусликлар соат 15:45да интернет яна ўчиб қолгани тўғрисида билдирганлар. Расмийлар ҳозирча Қорақалпоғистонда интернет икки соат ишлаб яна ўчиб қолгани тўғрисида ҳеч қандай изоҳ бермади.
Бир неча соат олдин “Газета.uz” ва “Дарё” нашрлари Нукусдаги ўз манбаларига таянган ҳолда Қорақалпоғистон ҳудудида интернет алоқаси тиклангани, сайтлар ва телеграм каналлардаги маълумотлар янгилангани тўғрисида хабар берган эди. Бироқ интернет вақтинча ёқилдими ёки доимий равишдами деган савол очиқ қолаётган эди.
1-2 июлдаги Нукус воқеаларидан сўнг Қорақалпоғистонда 3 июлдан фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Шу билан бир қаторда ҳудуд интернетдан узилиб қолганди.
Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистондаги интернет чекловларини бекор қилишга чақирган эди.