МХХ текширувида бўлган Нукусдаги санъат коллекцияси Москвада кўрсатилади

Музей дурдонаси бўлган Усто Мўмин асари

Президент Шавкат Мирзиëевнинг Россияга сафари доирасида Нукусдаги Савицкий номидаги музей дурдоналаридан таркиб топган кўргазма апрель бошида Москвадаги Пушкин музейида тантанали тарзда очилади.

Бу ҳақда Озодликка билдирган Савицкий музейининг вақтинчалик раҳбари Анора Фаҳриддиновага кўра¸ шу кунларда кўргазмага таëргарлик қизғин кетмоқда.

Тошкентлик мунаққид Акмал Ризаевнинг ëзишича, Москвадаги Пушкин номидаги тасвирий санъат музейи директори Марина Лошак хоним Нукус музейига бориб, ўша жойнинг ўзида Россия пойтахтида кўргазма ўтказиш қарорига келган.

Хавотирлар

Озодлик билан суҳбатда Акмал Ризев айрим асарлар қалбакилаштирилгани текширилаëтган Савицкий музейи коллекциясини Москвага жўнатилиши борасида хавотирларини билдирди:

- Воқеалар тадрижига кўра, музей директори Мақсет Қарлибоев ишдан бўшаш ҳақида ариза ëзган. Истеъфо қабул қилинган. Уни ишдан бўшатиш ҳақида қарор бундан икки ҳафта олдин Москвадаги Пушкин номидаги тасвирий санъат музейи директори Марина Лошакнинг Нукус музейига борганидан кейин қабул қилинди. Кечув пайтида отлар алмаштирилмаганидек¸ музей тарихидаги илк йирик кўчма кўргазма пайтида директор ишдан бўшатилмаслиги керак эди. Асосий ташвишим Москвага жўнатилаëтган Нукус музейидаги Туркистон авангарди рассомларининг уникал коллекциясига оид баъзи расмлар криминал гуруҳлар қўлига тушиш эҳтимоли билан боғлиқ¸ дейди мунаққид.

Саволлар

Суҳбатдошга кўра, МХХ тарафидан Нукус музейидаги коллекциянинг сақланиши юзасидан кенг қамровли текширувлар давом этаëтган бир пайтда тафтиш остидаги расмларнинг Москвага жўнатилаëтгтани кўп саволлар туғдирмоқда.

-Ташвишли савол шуки¸ уч –тўрт йил олдин Ўзбекистон Давлат санъат музейига оид бўлган асар Москвага кўргазмага олиб борилиб, қалбакисига алмаштиришга уриниш бўлган. Бу музейнинг ҳозир қамоқда жазо ўтаëтган бош муҳофизи Мирфайз Усмонов делосини варақласангиз кўп нарса топасиз. Кухняни билган одам сифатида айтаман сизга. Москвага юборилаëтган асарлар оддий фото инвентаризация ҳам қилинмаган. Расмларнинг рентген тасвирини олиш умуман режада ҳам йўқ. Яна бир ҳолат президентнинг 15 февраль фармони билан музей асарлари ҳаракатини назорат қилувчи “ўзбекмузей” идораси тугатилди. Бундай ҳолатда расмлар Москвада алмаштирилмаслигига ким кафолат беради¸ дейди мунаққид Акмал Ризаев.

Тафтиш якунланмаган

Озодликка Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозимнинг маълум қилишича, шу кунларда Нукус музейидаги тафтиш якунланмаган. Ҳар ҳолда текширув якунлангани ҳақида расмий билдирув йўқ.

Қорақалпоғистон Бош прокуратурасида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишча, 2015 йилнинг 28 августида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тарафидан очилган жиноят иши бўйича суриштирувлар ниҳоясига етмаган ва музей жорий директори Қарлибоевнинг ишдан олиниши ушбу жиноят иши билан боғлиқ эмас.

Мулозимнинг таъкидлашича¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати олиб бораëтган тафтиш натижасида мазкур музейдан умумий қиймати 600 миллион сўмга яқин 5 картина ўғирлангани тўғрисидаги маълумот юзага чиққан.

Ўз-ТВ "фош қилади"

“Ўзбекистон” телеканали “Ахборот” дастурининг 2015 йил 2 сентябрдаги сонида таъкидланишича¸ Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейида рассом Ганнинг “Дам олишда”, Кашинанинг “Овулда”, Сафроновнинг “Кўк тасмали шляпа кийган аёл портрети”, Турусовнинг “Узумзор” ва Караханнинг “Лола терган аёллар” асарлари ўрнига, уларнинг инвентарь рақамлари ва номлари остида чизиш техникаси, ўлчамлари, материаллари, сюжети ва муаллифлик ёзувига кўра аслига мутлақо тўғри бўлмаган картиналар сақланган”.

Мазкур ҳолат мутахасислар текшируви, жумладан, ультрафиолет нурларини қўллаш орқали анализ қилиш востасида аниқланган.

Инструкцияга зид

Қорақалпоғистон Бош прокуратурасида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича¸ “Музейдаги 85 мингдан зиëд экспонатларни тафтиш қилиш давом этаëтган пайтда асарларнинг чет эл кўргазмасига юборилиши музейлардаги экспонатларни сақлаш инструкциясига зиддир”.