Нукус воқеалари бўйича айбдор кўрилган Аманбай Сагидуллаев сиртдан 18 йилга кесилди

Норвегиядан бошпана олган Аманбай Сагидуллаев (архив сурати)

Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 10 май куни Нукус воқеалари бўйича “Алга, Қарақалпақстан” ҳаракати лидери Аманбай Сагидуллаев ҳамда Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаевга оид жиноят иши юзасидан ўз ҳукмини эълон қилган.

Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов маълумотига кўра, Жиноят кодексининг тўртта моддаси бўйича айбланиб судланган Аманбай Сагидуллаев сиртдан 18 йилга, ЖКнинг учта моддасида айбланиб судланган Ниетбай Уразбаев эса 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Хабарномада “судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги боис ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаевнинг иштирокисиз” ўтказилгани урғуланган.

55 ёшли Аманбай Сагидуллаев Норвегиядан бошпана олгани, 53 ёшли Ниетбай Уразбаев эса Қозоғистонда яшаши айтилади. Бу икки шахс иши судда кўриб чиқилаётгани ҳақида Олий суд матбуот хизмати март ойида маълумот тарқатганди.

Суд Интернет тармоғидаги Аманбай Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналларнинг блокланиши бўйича ҳам қарор чиқарган.

Ҳукмдан норози тарафлар Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига шикоят қилиши, прокурор эса протест билдиришга ҳақли экани эслатилган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, жорий йилнинг 31 январь куни Нукус воқеалари бўйича илк судда 22 кишига нисбатан, 17 март куни эса иккинчи судда 39 нафар судланувчига нисбатан ҳукм ўқилган. Биринчи суд ҳукми билан 18 киши, иккинчи суд ҳукми билан эса 28 киши қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари содир бўлган Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо Нукус воқеалари бўйича шу кунгача ўтказилган судларда айбланувчилар орасида намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.