Нукус воқеалари бўйича жиноят иши доирасида ИИВ ходимларидан уч киши қамалди

Нукус воқеалари чоғида Қорақалпоғистонга йўлланган куч ишлатар тузилмалари ходимлари (архив сурати)

Ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларни бартараф этишда ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган Ички ишлар вазирлиги ходимларидан уч нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда ўтган ҳафта охирида Олий суд матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномага мувофиқ, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2023 йил 4 августидаги ҳукми билан 27 ёшли Т. А. ва 38 ёши Х. С. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилган, уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми ва 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган 44 ёшли Ж. М.га эса 1 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. Ҳукмдан норози томонларга Бухоро вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги эслатилган.

Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари ўтган йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган эди. 1 ва 2 июль кунлари кузатилган норозиликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Бир ҳафта муқаддам Австриядаги Freedom for Eurasia ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Нукус воқеаларида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатини ва фаоллар томонидан тузилган норасмий рўйхатни эълон қилган. Ташкилот иддаосича, Нукусда Ўзбекистон ҳукумати таъкидлаб келаётганидай 21 киши эмас, камида 70 киши ҳалок бўлган.

Нукусдаги намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган эди.

Нукус воқеалари бўйича Бухорода шу йил 31 январида якунланган илк суд жараёни ортидан намойишчилардан 18 нафари қамалган. Июнь ойидаги апелляция судида судланганлардан 8 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган.

Жорий йилнинг 17 мартида якунланган Бухородаги иккинчи суд ҳукми билан 28 нафар судланувчи қамалган эди. Олий суд ҳайъатининг 12 июнь кунги қарори билан судланувчилардан 5 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазси билан алмаштирилган.