Нукус воқеалари бўйича “Олға Қорақалпоғистон” раҳбари ҳам сиртдан судланмоқда

Нукусда ўтган йил июль ойи бошида бўлиб ўтган норозилик чиқишидан лавҳа (архив сурати)

Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Нукус воқеалари бўйича “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракати лидери Аманбай Сагидуллаев ҳамда Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаевга оид жиноят ишини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълум қилган.

55 ёшли А. Сагидуллаев Норвегиядан бошпана олгани, 53 ёшли Н. Уразбаев эса Қозоғистонда яшаши айтилади.

Олий суд хабарномасига мувофиқ, Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз қилиш, президент ҳаётига тажовуз қилиш, оммавий тартибсизликлар, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш дохил Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбланаётган А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаев “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли” суд уларнинг иштирокисиз ўтказилмоқда.

Хабарномада мазкур маҳкама жараёни якуни бўйича батафсил ахборот берилиши қайд этилган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, жорий йилнинг 31 январь куни Нукус воқеалари бўйича илк судда 22 кишига нисбатан, 17 март куни эса иккинчи судда 39 нафар судланувчига нисбатан ҳукм ўқилган. Биринчи суд ҳукми билан 18 киши, иккинчи суд ҳукми билан эса 28 киши қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари содир бўлган Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо ҳар иккала судда ҳам айбланувчилар орасида намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Март ойи ўрталарида Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган эди.